Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон Сурия ҳудудий яхлитлигига таҳдид солаётган жангари гуруҳлар номини очиқлади

Эрдўғон Сурия ҳудудий яхлитлигига таҳдид солаётган жангари гуруҳлар номини очиқлади

Фото: AA

PKK, PYD ва YPG гуруҳлари Суриянинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солмоқда. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон сешанба куни Теҳрон шаҳрида Эрон ва Россия раҳбарлари билан уч томонлама учрашувдан кейинги матбуот анжуманида маълум қилди.

«PKK, PYD ва YPG каби террорчи гуруҳлар барчамизга муаммо туғдирмоқда. Бу ўринда мазкур террор ташкилотлари Суриянинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солаётганини таъкидлашни истардим», – деди Туркия раҳбари.

Уч томонлама музокараларда Шом ўлкасидаги жангари тўдаларга қарши кураш асосий мавзулардан бири бўлди.

«Туркия террор ташкилотлари ўртасида фарқланиш бўлишига қарши. Шунга кўра, биз жангари гуруҳларга қарши, уларни ким қўллаб-қувватлашидан қатъи назар, курашни қатъий давом эттирамиз», – деди Эрдўғон.

Сиёсатдон, айни чоқда, Суриядаги миллионлаб аҳоли бошпанасиз қолганига ҳам эътибор қаратган.

«Биз Сурияда одамлар чодир-чайлаларда, нобоп шароитда кун кўриб келаётганини унутмаслигимиз керак. Мақсадимиз – суриялик биродарларимиз, опа-сингилларимиз уйларига соғ-омон қайтсин, муносиб ҳаёт кечирсин», – деди у.

Эрдўғон Суриянинг террорчилар ўчоғига айланган ҳудудлари, хусусан, Фурот дарёсининг шарқий қисмини тозалаш вақти келганини ҳам маълум қилган.

Туркия қарийб 40 йилдан буён террор балосига қарши курашиб келмоқда. Ашаддий террор гуруҳи саналган PKK (Курдистон ишчи партияси) мамлакатда ва хорижда юзлаб бегуноҳ инсон ҳаётига зомин бўлган.

Бошбошдоқлик ҳукм сураётган Суриянинг Туркия билан чегарадош каттагина ҳудудини PYD (Демократик иттифоқ партияси), YPG (Халқ мудофааси отрядлари) эгаллаган. Туркия раҳбарияти PKK ташкилотининг қўш қаноти саналган мазкур икки гуруҳни мамлакат хавфсизлигига асосий таҳдид деб билади.

Анқара расмийларига кўра, PYD ва YPG Туркияга ҳужум қилиш билан чекланмай, Суриянинг шимолий ҳудудларидаги кўп сонли тинч аҳоли ўлимига олиб келган терактларни амалга оширган.

Ҳозирга қадар Туркия қуролли кучлари Сурия ҳудудида террор гуруҳарига қарши бир неча ҳарбий амалиёт ўтказган.

2016 йил 24 августдан 2017 йил 29 мартга қадар давом этган «Фурот қалқони» (Fırat Kalkanı) амалиётидан сўнг Ҳалаб музофотидаги бир неча минг чақирим ҳудуд жангариларидан тозаланган.

2018 йил 20 январда бошланган «Зайтун новдаси» (Zeytin Dalı Harekâtı) амалиёти ҳам турк ҳарбийлари ғалабаси билан якунланган. Хусусан, Африн шаҳридан жангарилар сиқиб чиқарилган ва хавфсиз ҳудуд ташкил этиш йўлида навбатдаги қадам ташланган.

2019 йил 9 октябрь куни бошланган ҳарбий амалиёт эса «Тинчлик булоғи» (Barış Pınarı Harekatı) деб аталган. Расмий Анқарага кўра, Туркия қўшини БМТ Хавфсизлик кенгашининг терроризмга қарши тўғридаги резолюцияси ҳамда БМТ низомининг 51-моддасига таяниб ҳаракат қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг