Эйнштейннинг хати қарийб 4 млн долларга сотилди
Christie's аукционлар уйи 10 сентябрда ўтказган кимошдида физик Алберт Эйнштейн АҚШ президенти Франклин Рузвелтга йўллаган хат 3,992 млн долларга сотилди.
Таниқли олим ўз хатида Америка раҳбариятини нацистлар Германиясида ядровий тадқиқотлар бошланганидан огоҳлантирган. Эйнштейн ҳамкасби Лео Силард билан бирга АҚШнинг 32-президентига ёзган хатда Германия «ўта қудратли бомбалар» яратиши мумкинлиги ҳақида гап боради. Тарихий ҳужжатнинг асл нусхаси Ню-Йоркдаги президент кутубхонасида сақланмоқда.
Эйнштейннинг ушбу хати олдин Microsoft асосчиларидан бири Пол Аллен (2018 йилда вафот этган)га тегишли эди. У хатни 2002 йилда ношир ва сиёсатчи Малколм Форбсдан 2,1 млн долларга сотиб олган.
Шу тариқа Эйнштейннинг Рузвелтга йўллаган хати кимошди савдоларда энг қимматга сотилган XX аср тарихий ҳужжатига айланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter