Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гаровга олинган президент «Вагнер» таҳдиди ҳақида гапирди

Гаровга олинган президент «Вагнер» таҳдиди ҳақида гапирди

Нигер Республикасининг ҳарбий тўнтариш йўли билан ҳокимиятдан четлатилган президенти Муҳаммад Базум The Washington Post газетасида чоп этилган мақоласида дунё ҳамжамиятидан кўмак сўради.

Ўз мақоласини «Ушбу сатрларни гаровбанд шахс сифатида ёзмоқдаман» дея бошлаган Муҳаммад Базум АҚШ ҳукумати ҳамда халқаро ҳамжамият Нигердаги конституциявий тузумни қайта тиклашда кўмак бериши муҳимлигини таъкидлаган.

Ҳозирда ҳарбийлар қўлида гаровда қолаётган сиёсатчи Нигердаги исёнчилар қўшни Мали, Буркина Фасо давлатлари каби Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати билан ҳамкорлик қилмоқчи эканидан огоҳлантирган.

«Бутун Марказий Сахель минтақаси «Вагнер» гуруҳи орқали Россия таъсирига тушиб қолиши мумкин. Улар Украинада шафқатсиз террор усулларини қўллагани маълум», – деб ёзади Муҳаммад Базум.

Нигер Сахель минтақасида терроризмга қарши курашда Ғарбнинг муҳим иттифоқчиси бўлиб келган. Ушбу мамлакатда Франция ва АҚШнинг ҳарбий базаси ҳам мавжуд. 2021 йилда Мали ҳарбий раҳбарияти Россиянинг «Вагнер» ширкати билан ҳамкорликни йўлга қўйгач, Франция бу ердаги аксилтеррор марказини Нигерга кўчиришга мажбур бўлган эди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 26 июль куни Нигерда президент гвардияси хизматчилари давлат раҳбари Муҳаммад Базумни ҳибсга олди. Армия исёнчилар билан музокаралар олиб боришга уринди, бироқ улар президентни қўйиб юборишдан бош тортди.

Бу орада исёнчи ҳарбийлар президент Базум ҳокимиятдан ағдарилгани ва давлат чегаралари ёпилганини билдирди.

28 июль куни Ватанни муҳофаза этиш бўйича миллий кенгаш (ҳарбий хунта) томонидан Президент гвардияси қўмондони, генерал Абдураҳмон Тчиани муваққат ҳукумат раҳбари деб эълон қилинди.

30 июль куни Нигерда оломон Франция элчихонаси биносига ўт қўйди.

«Яшасин Россия!», «Яшасин Путин!», «Франция йўқолсин!» деб бақирган намойишчилар мамлакатдаги хорижий ҳарбий базаларни ёпишни талаб қилди.

БМТ, Европа иттифоқи, Африка иттифоқи, Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти, АҚШ, Жаҳон банки ҳарбий тўнтаришни қоралаган. Аксар давлатлар 2021 йилдан буён Нигерга раҳбарлик қилаётган Муҳаммад Базумни қонуний президент деб ҳисоблашини маълум қилган.

Нигер – Франциянинг собиқ мустамлакаси. Ғарбий Африкада жойлашган ўлка дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири саналади. 23 миллион нуфусли мамлакатнинг 80 фоиз ҳудуди чўл минтақасидан иборат. Аҳоли асосан қишлоқ хўжалиги ва фойдали қазилмалар ҳисобидан кун кўради. Жумладан, жаҳон уран захирасининг 7 фоизи Нигерда.

Ҳарбий тўнтариш Нигерда Кремлнинг таъсири ошиши ҳақидаги тахминларни кучайтирди. Аввалроқ Human Rights Watch ташкилоти Россияга алоқадор ҳарбийларни Марказий Африка Республикасида (МАР) ноқонуний қатллар ва зўравонликлар амалга оширишда айблаган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг