Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ҲАМАС Вашингтон таклифига «ижобий жавоб» берди – BBC

ҲАМАС Вашингтон таклифига «ижобий жавоб» берди – BBC

ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича Вашингтон томонидан илгари сурилган сўнгги таклифга «ижобий жавоб» берганини маълум қилган. Бу ҳақда BBC нашри маълум қилди.

Ҳаракат ҳам ўз баёнотида «янги музокаралар босқичини дарҳол бошлашга жиддий тайёр»лигини билдирган. Бироқ ҲАМАС Вашингтоннинг таклифларини қабул қилганини тасдиқламади.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп ҲАМАСдан сулҳ бўйича бир кун ичида жавоб кутаётганини айтган эди. Оқ уй раҳбари Исроил урушни якунлаш бўйича зарур шартларни қабул қилганини ва бу асосда 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилиниши кутилаётганини билдирганди. Трампнинг сўзларига кўра, шу муддат мобайнида томонлар урушни тўлиқ тугатиш йўлида иш олиб бориши керак.

АҚШ тинчлик режаси доирасида асирликдаги 10 нафар тирик исроиллик шахсни босқичма-босқич озод қилиш ва 18 нафар ҳалок бўлганларнинг жасадларини топшириш кўзда тутилган.

Бунинг эвазига Исроил ўз қамоқхоналарида сақланаётган айрим фаластинликларни озод қилиши керак бўлади. Ҳозирда Ғазода 50 нафар исроиллик гаровда бўлиб, тахминларга кўра, уларнинг 20 нафари тирик.

ҲАМАСнинг асосий талабларидан бири — Ғазо секторига озиқ-овқат ва тиббий ёрдамни тўсқинликсиз етказишга рухсат бериш ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, АҚШ таклифлари орасида БМТ ва Қизил Хоч ёрдамида Фаластин анклавига етарлича гуманитар ёрдам етказиш банди мавжуд. Шунингдек, режа бўйича Исроил қўшинлари Ғазо ҳудудининг айрим қисмларидан босқичма-босқич чиқарилиши ҳам кўзда тутилган.

Бироқ ҲАМАС учун асосий шарт — 60 кунлик сулҳ тугагач, Исроил қуруқликдаги ҳарбий амалиётларини қайта бошламаслигига кафолат берилишидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг