Ҳиндистонда юзлаб одамлар кўчки остида қолган жасадларни қидиришмоқда
Ҳафта бошида Ҳиндистон жанубидаги Керала штатида содир бўлган кўчкилар оқибатида 196 киши ҳалок бўлди. 200 дан ортиқ инсон бедарак йўқолган, 9000 га яқин киши ёрдам лагерларига кўчирилган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
— Бу қизни ёки унинг жасадини кўрганмисиз?
Қўл телефонини маҳкам ушлаган аёл қишлоқма-қишлоқ юриб, одамларга худди шу саволни беради. У ғойиб бўлган жияни — Анитанинг иккита фотосуратини кўрсатади.
Бирида Анита холаси билан хурсанд бўлиб турибти, бошқасида эса ердаги жасад тасвирланган.
Аёлнинг айтишича, иккинчи суратни Анита деб ўйлаган танишлари юборган. Ўшандан бери у жиянини қидирмоқда, аммо натижа бўлмаяпти. У Анитанинг тирик ёки ҳалок бўлганига ишончи комил эмас. Унинг ҳикояси ўз яқинларини қидираётган кўплаб бошқаларнинг воқеасига ўхшайди.
Сешанба куни қалин лой ва сув ҳудуднинг катта қисмини олиб кетганидан кейин 200 га яқин одам бедарак йўқолган. Табиий офат тунгги соат 2 да, кўпчилик ухлаб ётган пайтда бошланган ва қочишга имкон бермаган.
Ушбу ҳудуд кардамон ва чой плантациялари билан машҳур, шунингдек, бир нечта сайёҳлик жойларига эга. Бу ерда юзлаб плантация ишчилари ўз оилалари билан лойдан қурилган уйларда яшайди.
Қутқарувчилар пайшанба кунигача чой плантацияларида қолган одамлар қутқарилганини ва бошқа тирик қолганларни топиш имконияти камлигини айтишди.
Уларнинг қўшимча қилишича, кучли ёмғир одамларни қутқариш ва жасадларни олиб чиқишга халақит берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter