Индонезияда тошқинлар келтирган зарар 4 млрд доллардан ошиб кетди
Индонезияда юз берган табиий офатдан етказилган умумий зарар тахминан 68,67 триллион рупийни (тахминан 4,1 миллиард доллар) ташкил этади, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахминан 0,29 фоизига тенг.
Бу ҳақда The Jakarta Post газетаси Иқтисодий ва ҳуқуқий тадқиқотлар маркази (Celios) ҳисоботига таяниб хабар бермоқда.
Celios’нинг ҳисоб-китобларига кўра, уй-жойларнинг вайрон бўлиши, кўприкларнинг қулаши, йўл инфратузилмасининг шикастланиши, уй хўжаликлари даромадларининг йўқолиши ва қишлоқ хўжалиги ерларининг вайрон бўлиши каби кутилган моддий йўқотишлар, жумладан, Ачеҳ провинциясида 2,2 триллион рупийни, Шимолий Суматрада 2,07 триллион рупийни ва Ғарбий Суматрада 2,01 триллион рупийни ташкил қилади.
The Guardian газетаси Индонезиянинг Миллий табиий офатларни бошқариш агентлигига (BNPB) таяниб, йирик сув тошқини натижасида 593 нафар аҳоли ҳалок бўлганини, 2600 нафари жароҳатланганини ва яна 468 кишининг тақдири номаълумлигини хабар қилди. Агентлик маълумотларига кўра, Суматра ғарбий оролидаги учта вилоятда 578 000 дан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган.
Ноябр ойида тахминан 60 миллион киши истиқомат қиладиган Суматра оролида содир бўлган сув тошқинлари ва кўчкилар 5000 дан ортиқ биноларга жиддий зарар етказган. Таиланд расмийларининг маълумотларига кўра, 3,5 миллиондан ортиқ одам жабр кўрган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter