Ироқда сайлов қайтадан ўтказилади

Ироқ парламенти раҳбари Салим Жубурий ва президент муовини Иёд Аллавий Бағдодда сайлов сандиқлари жойлаштирилган омборда ёнғин чиққани туфайли сайловни қайтадан ўтказиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда «Sabah» хабар бермоқда.
«Ёнғин Ироқ халқининг хоҳиш-истагини ўзгартириш, аҳолини алдаш ва овозларда сохтагарчиликка йўл қўйиш мақсадида атайлаб қилинган», — деди Салим Жубурий.
Ироқ президенти муовини Аллавий муваққат ҳукумат тузилиб, сайловни қайтадан ўтказиш таклифини билдирди.
Сайловда зафар қозонган шиа раҳбари Муқтадо Садрга алоқадор сиёсий бюро вакили Зиё Асад ҳам ёнғин қасддан уюштирилганини айтди.
Бағдод ҳарбий операциялар қўмондони Жалил Рубоий ёнғин овозлар тўпланган сандиқларга эмас, балки электрон саноқ жиҳозларига талафот етказганини маълум қилди.
Бағдод шаҳрида бугун сайлов сандиқлари жойлаштирилган омборхонада ёнғин содир бўлди.
Ироқ парламенти шу йил 12 майда ўтказилган сайловда ҳийла ишлатилган дея овозларни қўл билан санаб чиқишга қарор қилган эди.
Шундан сўнг сайлов сандиқлари жойлаштирилган омборга ўт кетиши ҳаммани ҳайратлантирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter