Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ислом дунёси Исроил парламентининг қарорини қоралади

Ислом дунёси Исроил парламентининг қарорини қоралади

Нетаняҳу бир неча йилдан буён Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш йўлини қидирмоқда.

Фото: AFP

Араб давлатлари лигаси (АДЛ), Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) ҳамда ўн мусулмон давлат Исроил парламенти (Кнессет) томонидан қабул қилинган Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилини яҳудий давлати таркибига расман қўшиб олиш ҳақидаги ҳужжатни кескин қоралади.

АДЛ, ИҲТ ҳамда Баҳрайн, Миср, Индонезия, Иордания, Нигерия, Фаластин, Қатар, Саудия Арабистони, БАА ва Туркия томонидан имзоланган баёнот Туркия ташқи ишлар вазирлиги сайтида чоп этилди.

Баёнотга кўра, Кнессетнинг Ғарбий Соҳилда Исроил суверенитетини ўрнатиш ҳақидаги декларацияси БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари ҳамда халқаро ҳуқуққа буткул зиддир.

Таъкидланишича, Исроилнинг бу қадами ҳеч қандай юридик кучга эга эмас ва Фаластиннинг ишғол остидаги ерлари, жумладан, Шарқий Қуддуснинг ҳуқуқий мақомини ўзгартира олмайди.

Ислом олами ташкилотлари Исроил Фаластин ерларига эгалик қила олмаслигини урғулар экан, бу каби провокацион ҳаракатлар Ғазо секторидаги қонли уруш ва гуманитар фалокат шароитида тарангликни баттар кучайтиришидан огоҳлантирган.

Баёнот муаллифлари халқаро ҳамжамият, жумладан, БМТ Хавфсизлик кенгашини Фаластин олдидаги ҳуқуқий ва ахлоқий мажбуриятларни адо этишга, Исроилнинг босқинчилик сиёсатига чек қўйишга ундаган.

Қайд этилишича, Исроил–Фаластин зиддияти фақат 1967 йилги чегараларда, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати таъсис этилиши билан ҳал этилиши мумкин.

Фаластин ташқи ишлар вазирлиги эса Кнессетнинг халқаро ҳуқуққа зид ҳужжатини “Фаластин халқига янги уруш эълон қилиш” дея баҳолаган.

ТИВга кўра, Ғарбий Соҳилнинг аннексия қилиниши геноцид сиёсатининг янги бир шакли ҳисобланади.

Аввал хабар берганимиздек, Кнессет куни кеча Исроил суверенитетини “Яҳудия, Самария ва Иордания водийси”гача кенгайтириш тўғрисидаги декларацияни маъқуллади. Ушбу ҳужжатда Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили “яҳудий халқи тарихий ватанининг ажралмас қисми” экани иддао қилинган.

Маълумот ўрнида: Исроил армияси жорий йил январь ойидан буён Ғазо сектори билан параллел равишда Ғарбий Соҳилда ҳам кенг кўламли ҳарбий амалиёт олиб бормоқда.

“Аксилтеррор операцияси” дея ниқобланган амалиёт мобайнида минглаб фаластинлик яшаш жойини ташлаб чиқишга мажбур этилган. Фаластин томони Исроил армияси ҳужумидан кўзланган мақсад минтақанинг аҳоли таркибини ўзгартириш деб бонг урмоқда.

Исроил армияси Ғарбий Соҳилдаги ўнлаб биноларни портлатган. Яҳудий давлати армияси ушбу бинолардан террорчилар фойдаланганини иддао қилган. БМТ эса ҳудудда зўравонлик кучайиб кетганидан хавотир изҳор этган.

Таҳлилчилар Ғазо секторини яшаш учун буткул яроқсиз ҳолга келтирган Исроил армияси эндиликда Ғарбий Соҳилда ҳам ана шундай вайронкор амалиёт ўтказаётганини айтмоқда.

Буюк Британияда жойлашган “Save the Children” ташкилоти ҳудудда болаларни ўлдириш кўрсаткичи кескин ортганидан огоҳлантирган.

Аввалроқ Исроилнинг радикал қанотга мансуб молия вазири Бецалель Смотрич Ғарбий Соҳилда яҳудий уйларини қуриш учун маблағ кўпайтирилишини маълум қилганди. Халқаро ҳуқуққа зид бу ташаббус Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар томонидан қораланган.

Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади.

Исроилдаги Peace Now инсон ҳуқуқлар ташкилоти Бинямин Нетаняҳу ҳукуматининг ноқонуний тураржойлар қуриш ҳаракатини қоралар экан, бу орқали Ғарбий Соҳилни бутунлай ишғол этиш кўзланганидан огоҳлантирган.

Нетаняҳунинг ўзи бир неча йилдан буён аннексия режасини очиқ муҳокама қилиб келади.

БМТ кўп йиллардан буён Тель-Авивнинг оккупация сиёсатини қоралаб келади. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 23 декабрь куни қабул қилинган резолюциясида Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ерларида ғайриқонуний тураржойлар қуришни буткул тўхтатиш талаб қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг