Исроил инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Нетаняҳу ҳукуматини айблаб чиқди (фото)

Ғазо яшаш учун буткул яроқсиз ҳолга келган.
Исроилдаги икки етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилоти – B'Tselem ҳамда Physicians for Human Rights мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳукуматини фаластинликларга нисбатан геноцид содир этишда айблади. Бу ҳақда Буюк Британиянинг “The Guardian” газетаси хабар берди.
“Бу тасаввурга сиғмас ҳолат бўлиб туюлади, аммо, афсуски, бу ҳақиқат. Исроил Ғазо секторида фаластинликларни қириб ташлашга қаратилган чораларни қасддан амалга оширмоқда. Бу, шубҳасиз, геноцид”, – дейилади инсон ҳуқуқлари ташкилотлари баёнотида.
Қайд этилишича, Исроил Ғазо секторида икки йилдан буён давом этаётган уруш мобайнида тинч аҳоли вакилларига қасддан ҳужумлар уюштириб келмоқда.
Ҳисоботда Исроил армияси содир этган жиноятлар, жумладан, минглаб болалар, аёллар ва кексаларнинг ўлдирилиши, мажбурий кўчиришлар, уй ва тураржойларнинг йўқ қилиниши, шифохоналарнинг вайрон этилиши, очарчиликнинг юзага келтирилиши батафсил тасвирланган.
B'Tselem ҳамда Physicians for Human Rights ташкилотларига кўра, Исроилнинг Ғарбдаги иттифоқчилари геноцид кампаниясига кўмак бермоқда ва улар ҳам фаластинликарнинг азоб-уқубатлари учун масъулдир.
“Бу ҳодиса Ғарб олами дастагисиз рўй бермаслиги мумкин эди. Ўйлайманки, ҳар бир инсон ўзига геноцид қаршисида нима қилишим керак деган саволни бериши керак”, – дейди B’Tselem ташкилоти директори Юли Новак.
B’Tselem Исроил геноцид амалиётини Фаластиннинг бошқа ҳудудлари, жумладан, Ғарбий Соҳилда ҳам татбиқ этишидан огоҳлантирган.
“Инсон ҳуқуқлари ташкилоти сифатида биз ҳақиқатни айтмоққа бурчлимиз. Бугун кўз ўнгимизда геноцид жинояти содир этилмоқда. Геноцидни тўхтатишимиз шарт”, – дейилади баёнотда.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ғазода ҳарбий ҳаракатлар бошланган (2023 йил 7 октябрь) илк ойларданоқ Исроилни халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиш, фаластинликларни оммавий жазолашда айблаб келади.
Жумладан, Amnesty International ва Human Rights Watch каби ташкилотлар Исроилни Ғазода фаластинликларга қарши геноцидда айблаган.

Фото: Anadolu Ajansı
Human Rights Watch, жумладан, ўз ҳисоботида Исроил ҳукумати Ғазога сув ва электр таъминотини атайлаб тўхтатиб қўйгани, инфратузилмани вайрон қилгани ва муҳим озиқ-овқатларнинг бир йилдан ортиқ вақт давомида тақсимланишига тўсқинлик қилгани натижасида кўп сонли чақалоқлар, болалар ва катталар тўйиб овқатланмаслик, сувсизланиш ва касалликлардан вафот этганини маълум қилган.
БМТнинг Фаластинда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачиси Франческа Альбанезе ҳам Исроилни Фаластин ерларида геноцид содир этишда айблаган.
Махсус вакилга кўра, айни пайтда нафақат Ғазода, балки Исроил оккупацияси остидаги Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда ҳам фаластинликлар зўравонлик қурбони бўлмоқда. Фаластин ерларида кузатилаётган ҳолат эса этник тозалаш ва айирмачилик сиёсати ҳисобланади.
БМТнинг саломатлик ҳуқуқи масалалари бўйича махсус маърузачиси Тлаленг Мофокенг ҳам қамалдаги Ғазо секторида Исроил ҳарбийлари томонидан амалга оширилаётган зўравонликларни шубҳасиз геноцид деб атаган.
2023 йил 29 декабрь куни ЖАР Исроилни Ғазо секторида фаластинликларга нисбатан геноцид жиноятини содир этишда айблаб халқаро маҳкамага мурожаат қилган эди.
Яҳудий давлати ҳарбийлари 1948 йилда қабул қилинган Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузган ҳолда, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдириш, Фаластин аҳолисининг бир қисмини қасддан қиришда айбланмоқда.
Таҳлилларга қараганда, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида давом этаётган урушда камида 59921 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.
Аввалроқ Лондон университети ҳузуридаги Ҳоллоуэй қироллик коллежи олимлари Ғазодаги урушда ҳудуд аҳолисининг 4 фоизи ёки 80 мингдан зиёди ўлдирилганини маълум қилганди. Экспертлар “XXI асрдаги бошқа бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган” деган хулосага келган.
Айни пайтда Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолиси ҳаётига очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солмоқда.
Ўтган ҳафта дунёдаги юздан зиёд гуманитар ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ғазода оммавий очлик тарқалаётганидан огоҳлантирди.

Фото: The New York Times
Оммавий очарчилик фактини Исроилнинг асосий ҳомийси ва яқин иттифоқчиси бўлган АҚШ раҳбарияти ҳам тан олди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter