Исроил уюштираётган портлашлардан БМТ хавотирда
![Исроил уюштираётган портлашлардан БМТ хавотирда](http://static.xabar.uz/crop/2/2/720_460_95_2244239721.jpg)
Бомбардимонлар Ғазодан Ғарбий Соҳилга кўчди.
Исроил армияси Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилидаги 20 га яқин бинони портлатди. Яҳудий давлати армияси ушбу бинолардан террорчилар фойдаланганини иддао қилган. БМТ эса ҳудудда зўравонлик кучайиб кетганидан хавотир изҳор этган.
Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати билан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақида битимга келишганидан икки кун кейин, 21 январь куни Фаластиннинг бошқа ҳудуди – Ғарбий Соҳилда кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади. Ҳужум «аксилтеррор операцияси» дея ниқобланган.
Йигирмага яқин бино ҳам «аксилтеррор амалиёти» давомида портлатилган.
Хабарларга кўра, Исроил Ғарбий Соҳилда йўлларни вайрон қилиб, мавзе ва қасабаларни ер билан битта қилмоқда.
БМТнинг Фаластинга кўмак бўйича агентлиги Исроилнинг ушбу ҳарбий ҳаракатлари Ғазо секторидаги тинчлик битимини ҳам хавф остида қолдираётгани ҳақида баёнот берди.
Халқаро тузилмага кўра, Исроил ҳарбийларига нишон бўлган Женин «арвоҳ шаҳар»га айланди. БМТ Ғарбий Соҳилдаги вазиятни даҳшатли деб баҳолаган ва Исроилни янги зиддият яратишда айблаган.
![](https://xabar.uz/static/uploads/77/720__-aSxu2OYrG_KBmJv6-KbJ1SXHJqmQvpg.jpg)
Женин шаҳри. Фаластинлик оила ҳалок бўлган яқинларига мотам тутмоқда. Фото: Reuters
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда йил бошидан бери 70 нафар, 2023 йил 7 октябрдан буён эса 900 га яқин фаластинлик ҳалок бўлди.
Таҳлилчилар Ғазо секторини яшаш учун буткул яроқсиз ҳолга келтирган Исроил армияси эндиликда Ғарбий Соҳилда ана шундай вайронкор амалиёт ўтказаётганини айтмоқда.
Фаластин ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги тинч аҳоли вакилларига ҳужумини қоралаган ва халқаро ҳамжамиятни ушбу жиноятга томошабин бўлмасликка чақирган.
Президент Маҳмуд Аббос маъмурияти Исроил армиясининг Ғарбий Соҳилдаги зўравонлик ҳаракатларини «этник тозалаш», яъни фаластинликларни қириб ташлашга уриниш деб атаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter