Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил ва ҲАМАС тинчлик музокараларини бошлаяпти – Euronews

Исроил ва ҲАМАС тинчлик музокараларини бошлаяпти – Euronews

Фото: AP

Бугун Мисрнинг Шарм-эл-Шайх шаҳрида Исроил ва ҲАМАС делегациялари ўртасида тинчлик келишуви бўйича музокаралар бошланади. Музокаралар асосидаги режа АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан ишлаб чиқилган.

Миср ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, музокараларда асосий эътибор ҲАМАС асирлигида бўлган исроилликларни озод қилиш ва бунинг эвазига Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликларни бўшатиш масаласига қаратилган бўлади.

Трамп таклиф этган 20 моддадан иборат режага кўра, ҲАМАС Ғазо секторидаги ҳокимиятдан воз кечиши, қуролларини топшириши керак. Эвазига эса Исроил ҳужумни тўхтатиб, қўшинларини ҳудуддан чиқариши ва гуманитар ёрдам киришини таъминлаши лозим.

Associated Press манбаларига кўра, музокараларда АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ҳам иштирок этади.

Маълумот учун, музокараларга тайёргарлик фонида якшанба куни Исроил армияси Ғазо секторига янги ҳаво зарбаларини амалга оширди. «Шифо» касалхонаси вакилларига кўра, ҳужумларда камида саккиз киши ҳалок бўлган.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳозирги вазият барча асирларни озод қилишга энг яқин нуқтада тургани, бироқ «бу жараённи бузмоқчи бўлган кучлар ҳам етарлича бор»лигини таъкидлаган.

Манба: ru.euronews.com

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг