Исроил вазиридан яна бир беўхшов таклиф
Исроилнинг Қуддус ва мерос ишлари бўйича вазири Амихай Элияҳу мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойини бекор қилиш таклифи билан чиқди.
«Рамазон деб аталган ой бекор қилиниши ва ушбу ой қаршисидаги қўрқувимиз барҳам топиши керак», – деган ўта ўнг йўналишга мансуб сиёсатчи радиога берган интервьюсида.
Амихай Элияҳу 2023 йил ноябрь ойида Ғазо секторига оммавий қирғин қуроли саналган атом бомбасини ташлаш ташаббусини ҳам илгари сурганди. Бу таклиф сўнгги кунларда Исроилнинг халқаро гуманитар ҳуқуққа зид ҳаракатларини ташвиш билан кузатиб бораётган дунё ҳамжамиятини янада кучли хавотирга солган.
Фаластинга нисбатан кескин душманлиги билан танилган вазир Элияҳу бир муддат аввал Ғазони бесоқолбозликка муккасидан кетгани cабаб лаънатга учраган Садум шаҳрига муқояса этиб, уни бутунлай йўқ қилишга ҳам чақирган.
Исроил ҳукумати вакилининг Рамазонга қарши баёноти муқаддас ой яқинлашаётган паллада янграмоқда.
Февраль ойи ўрталарида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг Рамазон ойида мусулмонларнинг Ал-Ақсо масжидига киришини чеклаш бўйича тавсияларини қабул қилгани маълум бўлган эди.
Хабарда айтилишича, бош вазир Ички хавфсизлик агентлигининг ушбу қарор фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришига эътибор қаратмаган.
Ғазодаги урушда ҳалок бўлган фаластинликлар сони 30 мингдан ошиб кетган бир паллада АҚШ маъмурияти Тель-Авивдан Рамазонга қадар ҲАМАС билан сулҳга келишишни талаб қилаётгани айтилмоқда.
Аввалроқ Исроил молия вазири Бецалель Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғазонинг икки миллиондан зиёд аҳолисини сургун қилиб, ҳудудни эгаллаш ҳақида баёнот берганди. Халқаро ҳуқуқ ва инсонийликка зид бу даъволар Исроилнинг Ғарбдаги яқин иттифоқчилари томонидан ҳам рад этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter