Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил яна БМТ огоҳлантиришига қарши борди

Исроил яна БМТ огоҳлантиришига қарши борди

Исроил аскарлари агентликнинг Ғазодаги идораси ёнида.

Фото: Reuters

Исроил парламенти (Кнессет) мамлакат ҳудудида БМТнинг фаластинлик қочқинларга кўмак кўрсатиш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) фаолиятини тақиқлади.

Қонун лойиҳаси агентликнинг Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили ва Шарқий Қуддусдаги фаолиятини тўхтатишни ҳам назарда тутади.

Парламент қабул қилган иккинчи қонун эса агентлик ходимларига берилган дипломатик мақом ва дахлсизлик ҳуқуқини бекор қилади, Тель-Авив ҳукуматининг агентлик билан ҳамкорлик олиб боришини ман этади.

Haaretz нашри хабарига кўра, қонунни 92 депутат қўллаб-қувватлаган, 10 нафари қарши овоз берган.

Исроил расмийлари БМТнинг фаластинликларга кўмак агентлиги ходимлари ҲАМАС ҳаракати билан ҳамкорлик қилади дея иддао қилиб келади. Халқаро ташкилот бу даъвони рад этган.

Агентлик фаолияти тўхтатилиши 2,4 миллион ғазолик ҳаётини янада оғирлаштиради. Фото: AA

Агентлик Кнессет қабул қилган сўнгги қонунлар БМТ Низомлари ҳамда Исроил ўз зиммасига олган мажбуриятларга зид экани ҳақида баёнот берган.

«Бу қонунлар фаластинликлар, хусусан, бир йилдан зиёд вақт мобайнида дўзахий шароитда жон сақлаётган Ғазо сектори аҳолисининг ғам-кулфатини янада оширади. Болаларнинг бутун бир авлоди келажагини хавф остига қўйиб, 650 мингдан зиёд ўғил-қизларни таълим олиш имкониятидан маҳрум этади», – дейилади баёнотда.

Исроил парламенти қабул қилган қонунлар, шунингдек, фаластинликларни оммавий жазолаш усули деб баҳоланган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш аввалроқ Исроилни огоҳлантирган, агентлик фаолиятининг тўхталиши ҳалокатга оқибатларга олиб келишини таъкидлаган эди.

1949 йилда БМТ Бош ассамблеяси қарори билан таъсис этилган фаластинликларга кўмак бўйича агентлик Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил, шуниндек, Иордания, Ливан ва Суриядаги қочқинларга ёрдам кўрсатиш, таълим ва тиббиёт хизматлари билан шуғулланиб келади.

Агентлик фаолиятининг тўхталиши айни пайтда очлик, ташналик ва юқумли хасталиклардан азият чекаётган 2,4 миллион ғазоликлар ҳаётини янада оғирлаштиради.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 43020 фаластинлик ҳалок бўлди, 101110 нафари яраланди. Ўтган бир йил ичида Исроил армияси ҳужумларида БМТнинг фаластинликларга кўмак агентлигининг 231 нафар ходими ҳам ҳалок бўлди.

Аввал хабар берганимиздек, Исроил парламенти  жорий йил 18 июль куни Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қонун қабул қилинган, бунга халқаро ҳамжамият кескин эътироз билдирган эди.

Дарвоқе, Исроил ҳукумати бир неча ҳафта аввал БМТ бош котиби Антониу Гутерришни «персона нон грата» деб эълон қилган ва унинг мамлакатга киришини ман этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг