Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Истанбул: 80 йиллик танаффусдан кейин қадимий масжид қайта очилди

Истанбул: 80 йиллик танаффусдан кейин қадимий масжид қайта очилди

Истанбул шаҳридаги қадимий Карие (Kariye) масжиди тўрт йиллик реставрациядан кейин ўз эшикларини яна мусулмонларга очди. Очилиш маросимида видеоконференция орқали иштирок этган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу ҳодиса рамзий маъно-мазмун касб этишини таъкидлади.

Илк ўрта асрлар Византия меъморчилик анъаналарига мансуб бинода аввал насроний монастири жойлашган. 1453 йили Константинополь Усмонийлар давлати томонидан фатҳ қилингач, ибодатхона мусулмонлар тасарруфига ўтган. 1511 йили минора ва гумбазлар қурилган ва ибодатхона жоме масжидга айлантирилган. Шу тариқа жоме асрлар мобайнида мусулмонларга хизмат қилган.

Туркия Республикаси эълон қилинганидан кейинги йилларда 79 йил давомида Карие масжиди музей сифатида фаолият юритган. Президент Эрдўғоннинг 2020 йил 1 августдаги фармони билан қадимий масжидга яна жоме масжид мақоми қайтарилди.

ЮНЕСКО томонидан умумжаҳон ёдгорлиги дея эътироф этилган Карие масжидига хорижлик сайёҳлар ҳам бемалол ташриф буюриши мумкин.

Қайд этиш жоизки, Карие масжидининг тақдири Аё София обидасининг кечмиши билан муштаракдир.

2020 йилда Истанбул рамзи саналган кўҳна Аё София обидасида ҳам 86 йиллик танаффусдан кейин илк жума намози адо этилган эди. Аввалроқ насронийлар ибодатхонаси бўлган обида ҳақидаги илк маълумотлар милоднинг 300-йилларига бориб тақалади. Истанбул фатҳидан кейин Аё София ибодатхонаси ҳам масжидга айлантирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг