Жаҳон бозорида нефт нархи сўнгги уч ойдаги энг паст даражага тушди
Жаҳон бозорида нефт нархи сўнгги уч ойдаги энг паст даражалардан бирига тушди. Бунга АҚШ ва Эрон ўртасидаги вақтинчалик келишув ҳамда Ҳўрмуз бўғозининг яқин кунларда қайта очилиши ҳақидаги кутилмалар сабаб бўлмоқда.
Сўнгги савдоларда Brent русумидаги нефт нархи баррели учун 80 доллардан пастлаб, 78 доллар атрофида савдо қилинди. АҚШнинг WTI нефти ҳам арзонлашиб, 75 долларга яқинлашди.
Таҳлилчилар фикрича, Ҳўрмуз бўғози орқали нефт ташиш қайта тикланиши мумкинлиги энергия ресурслари етказиб бериш бўйича хавотирларни камайтирган. Мазкур бўғоз жаҳон нефт ва суюлтирилган табиий газ савдосининг муҳим қисми ўтадиган стратегик йўлак ҳисобланади.
АҚШ президенти Доналд Трамп бўғоз ҳафта охиригача тўлиқ очилиши мумкинлигини билдирган. Бу хабардан сўнг бозорларда нефт танқислиги ҳақидаги хавотирлар пасайиб, нархлар тушишда давом этмоқда.
Бироқ экспертлар вазият тўлиқ барқарорлашиши учун вақт талаб этилишини таъкидламоқда. Суғурта харажатлари, денгиз ташувлари тарифлари ва минтақадаги инфратузилмага етган зарар энергия нархларига таъсир кўрсатишда давом этмоқда.
Шу боис, Ҳўрмуз бўғозининг қайта очилиши нефт бозори учун муҳим ижобий сигнал бўлса-да, энергетика соҳасининг тўлиқ тикланиши бир неча ой давом этиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter