Канадалик шахс 41 та давлатга заҳарли моддалар юбориб, одамлар ўлимига сабабчи бўлди
Кеннет Ло.
Канадалик 60 ёшли Кеннет Ло бутун дунё бўйлаб хавфли моддаларни жўнатиб, ўз жонига қасд қилишга кўмаклашганликда айбини тан олди, деб хабар берди The Guardian.
Тергов маълумотларига кўра, у интернет орқали руҳий тушкунликдаги инсонларга ўлимга олиб келувчи хавфли моддаларни сотган: унинг жўнатмалари ўнлаб мамлакатларга, жумладан Канада, Буюк Британия, АҚШ, Италия, Австралия ва Янги Зеландияга юборилган.
Онтарио судида Ло 16 ёшдан 36 ёшгача 14 нафар инсоннинг ўлимида билвосита қўли борлигини тасдиқлади. У бундан ташқари Буюк Британияга 79 кишининг ўлимига сабаб бўлган моддаларни юборганига ҳам иқрор бўлди. Терговчиларнинг таъкидлашича, сайтлар ёпилгунга қадар Ло 41 та мамлакатга 1 209 та жўнатма юборишга улгурган.
Фаолиятини ниқоблаш учун Кеннет Ло қонуний улгуржи савдо кўринишини яратиб, бошқа маҳсулотларни ҳам сотган. Ҳибсга олинган пайтда унга тегишли Shopify ва PayPal ҳисобварақларида қарийб 297 минг Канада доллари бўлган. Бу иш ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ онлайн-форумлар ва сайтларнинг ҳаммага очиқлиги масаласини яна кун тартибига чиқарди. Буюк Британияда ҳалок бўлганларнинг оилалари оммавий тергов ўтказишни талаб қилмоқда. «Ушбу ўлим ҳолатлари билан боғлиқ онлайн-форумлар ҳали ҳам ишлаб турибди. Агар ҳеч нарса ўзгармаса, янада кўпроқ инсонлар ўз яқинларини йўқотишда давом этади», — деди синглисидан айрилган Адел Зейнаб Уолтон.
Суд Ло устидан ҳукмни сентябрда эълон қилиши кутилмоқда. Канада қонунчилигига кўра, ўз жонига қасд қилишга кўмаклашганлик учун 14 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter