Карантинда меҳмонга борган прокурор истеъфога чиқарилади — Япония
Сўнгги кунларда бўлиб ўтган можаролар ортидан Токио бош прокурори Хирому Курокава истеъфога чиқарилмоқда.
«РИА Новости» ёзишича, истеъфога кетишини атрофидагиларига Курокаванинг ўзи айтган. Япония адлия вазири Масако Мори «Киодо» агентлигига берган баёнотида Курокаванинг тақдири кун охиригача ҳал бўлишини айтиб, бу қарор «қаттиқ» бўлишига ваъда берган.
ОАВга келиб тушган маълумотларга кўра, мамлакатда фавқулодда вазият ҳукм сураётган, ҳукумат аҳолидан мулоқотларни 70-80 фоизга камайтиришни сўраётган бир паллада Токио бош прокурори таниш журналистиникига икки марта меҳмонга боради.
Энг қизиғи, Японияда карантинни бузганлик учун жазо йўқ, шунинг учун ҳам жамоатчилик прокурорни ҳар қанча танқид қилмасин, у тўғридан-тўғри қонунбузар саналмайди.
Аммо иккинчи ҳолат ҳам бор: прокурор меҳмонга борганида ўртага пул тикиб маджонг ўйнаган. Кунчиқар юртда қимор ўйинлари тақиқланган.
Воқеа прокуратура тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш масаласи парламентда кўриб чиқилаётган бир пайтда содир бўлгани эса оловга мой сепгандек бўлди. Янги қонунда пенсия ёшини узайтириш ҳам кўзда тутилган, бу эса Япония бош прокурорлигига интилаётган Курокава ва атрофидагилар учун айни муддао эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter