Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Каспийдаги фожиадан сўнг Қозоғистон мудофаа вазири ишдан олинди

Каспийдаги фожиадан сўнг Қозоғистон мудофаа вазири ишдан олинди

Фото: Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги

27 сентябр куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Даурен Косановни мамлакат мудофаа вазири лавозимидан озод қилди. Тегишли фармон давлат раҳбарининг расмий ресурсларида эълон қилингани хабар қилинди.

Косанов мудофаа вазири лавозимига 2025 йил 8 июнда тайинланган. 2026 йил сентябрь ойи бошида эса янги ҳукумат таркиби шакллантирилганидан сўнг ушбу лавозимга қайта тайинланган эди.

Шунингдек, президент фармони билан Айдос Сакенович Мирзахметов Қозоғистон мудофаа вазири этиб тайинланган. Косановнинг лавозимдан озод этилиши Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотлар вақтида 14 нафар ҳарбий ҳалок бўлганидан бир неча кун ўтиб содир бўлди.

24 сентябр куни Мангистау вилоятида ўтказилган «Хазар қорғани — 2026» машғулотлари вақтида ҳарбий хизматчилар «Қайсар» катеридан қирғоққа туширилаётганда денгизга оқиб кетган.

Жами 17 нафар ҳарбий хизматчи сувга тушиб кетган, уч нафари қутқарилган, 14 нафари ҳалок бўлган. Ҳарбийлар қирғоққа туширилаётган пайтда об-ҳаво шароити кескин ёмонлашгани ва шамол кучайгани хабар қилинган.

Ҳодиса юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 453-моддаси 2-қисми ва 465-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. 25 сентябрь куни мамлакатда миллий мотам куни деб эълон қилинган.

Ҳодиса ортидан Мудофаа вазирлигининг беш нафар мансабдори қўлга олинган. Улар орасида Қуролли кучлар Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондонининг биринчи ўринбосари — штаб бошлиғи, икки ҳарбий қисм командири, денгиз пиёдалари ротаси командири ҳамда катер командири бор.

Тўқаев, шунингдек, мудофаа идорасидаги ҳолатни ҳар томонлама текшириш учун махсус комиссия тузишни топширган. Каспийда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар давлат мукофотларига тақдим этилган.

Тергов доирасида беш мансабдорга нисбатан кўрилган чоралар ҳодиса бўйича қабул қилинган жавоб чораларининг бир қисми сифатида қайд этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг