Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Киев мудофаасида жасорат кўрсатган учувчи тушунарсиз хато оқибатида ҳалок бўлди

Киев мудофаасида жасорат кўрсатган учувчи тушунарсиз хато оқибатида ҳалок бўлди

Украинанинг Житомир вилояти ҳудудида мамлакат қуролли кучларига тегишли икки самолёт ўзаро тўқнашиб кетди. Фожиа оқибатида уч нафар учувчи, жумладан, «Juice» лақаби билан танилган Андрей Пильшиков ҳалок бўлган.

Украина президенти Владимир Зеленский L-39 ўқув-жанговар самолётларининг тўқнашувига муносабат билдирар экан, ҳодиса сабаблари ўрганилишини таъкидлаган.

«Кеча (25 август назарда тутилмоқда – таҳр.) Житомир осмонида фожиа рўй берди. Уч нафар учувчи ҳалок бўлди. Улар орасида «Juice» лақабли Андрей Пильшиков ҳам бор. Давлатимизга кўп, жуда кўп кўмак берган украина офицери (эди у)! Йигитларнинг оила аъзолари ва қадрдонларига, уларни таниган-билган барчага ҳамдардлик билдираман. Текширув давом этмоқда. Тафсилотлар ҳақида гапиришга ҳали эрта. Албатта, барча ҳолатлар аниқланади. Албатта, Украинанинг озод осмонини ҳимоя қилган ҳеч бир (жангчи) унутилмайди», – дея баёнот берган Зеленский.

Тўқнашувда майорлар Вячеслав Минка ва Сергей Проказин ҳам ҳалок бўлган.

Украина матбуотига кўра, мамлакат тактик авиацияси 40-бригада учувчиси Андрей Пильшиков Россия босқинининг илк кунлариданоқ Киев ҳаво мудофаасида фаол иштирок этган. 2022 йил май ҳолатига кўра, унинг МиГ-29 учоғидаги жанговар парвози 500 соатни ташкил этган. 

Зеленский маъмурияти кўпдан буён Ғарб мамлакатларидан жанговар қирувчи самолётлар сўраб келади.

Аввал хабар берганимиздек, яқинда Нидерландия ва Дания Украинага F-16 қирувчи учоқларини беришга розилик билдирди.

Washington Post, Financial Times, CNN, Fox News, BBC каби етакчи оммавий ахборот воситаларига интервью берган Андрей Пильшиков Ғарб давлатларини тезроқ қирувчи самолёт беришга чорлаб келган.

F-16 учоқлари эса Россия босқинига қарши курашда сезиларли бурилиш ясаши айтилмоқда. Уларни бошқариш учун учувчиларни тайёрлаш жараёни бошланган.

А.Пильшиковнинг дўстлари у ўзи орзу қилгандек F-16 да парвоз қилиш остонасида турган пайтда ҳаёт билан видолашганини таассуф билан қайд этган. Ғарб давлатлари тақдим этадиган F-16 учоқларидан бири унга топширилиши кутилаётган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг