Конгрессменлар Трампга Исроил бўйича талаб йўллади
АҚШ Конгрессининг бир қатор аъзолари президент Доналд Трампдан Исроил фуқаролари томонидан содир этилаётган зўравонлик ҳаракатларига нисбатан жавоб чоралари қўллашни талаб қилмоқда.
Америкалик қонун ижодкорлари, хусусан, Трамп маъмуриятини Европа давлатларидан намуна олишга чақирган.
Аввал хабар берганимиздек, куни кеча Буюк Британия, Дания, Исландия, Испания, Ирландия, Канада, Норвегия, Польша, Португалия, Финляндия, Франция ва Чехия Фаластиннинг ишғол остидаги ҳудуди – Ғарбий Соҳилдаги Исроил аҳоли пунктларидан келадиган маҳсулотларга савдо тақиқи жорий этди.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Эд Милибанд ушбу чорани эълон қилар экан, Ғарбий Соҳилда зўравонлик содир этаётган яҳудий келгиндиларини террорчилар деб атаган ва уларни этник тозалашда айблаган.
АҚШ Конгресси аъзолари мазкур 12 давлатдан ибрат олган ҳолда исроиллик зўравонларга чора кўришга ундамоқда.
Сенатор-демократ Крис Ван Холлен Европа давлатлари Фаластин ерларида Исроилнинг ноқонуний манзилгоҳлари кенгайишига қарши камтарона бўлса-да, амалий чора кўраётганини олқишлаган.
Вакиллари палатаси аъзоси Хоакин Кастро ҳам Европа давлатлари жорий этган санкцияни тўғри қадам деб атаган.
“Буюк Британия Исроилнинг ноқонуний манзилгоҳлари бўйича санкция ва савдо тақиқи жорий этиб, муҳим ахлоқий қадам ташлади. АҚШнинг кейинги президенти ҳам шундай йўл тутиши ва Фаластин давлатини тан олиши керак”, – деган Вакиллар палатаси аъзоси Ро Ханна.
“Босиб олинган Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилида Исроил томонидан маъқулланаётган террор амалиёти ҳеч қандай тўсиқларсиз давом этмоқда, қишлоқлар бутунлай вайрон қилинмоқда, ҳатто АҚШ фуқаролари ўлдирилмоқда. АҚШ ҳукумати аллақачон кечиктирилган мазкур қадамни ташлаши ва Исроилнинг ишғоли ҳамда геноцидини қўллаб-қувватлашни тўхтатиш учун янада кўроқ ишларни амалга ошириши керак”, – деган АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг бошқа бир аъзоси Чуй Гарсия.
Халқаро ташкилотларга кўра, сўнгги вақтларда Ғарбий Соҳилда зўравонлик ҳаракатлари кучайган.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идораси Ғарбий Соҳилда яҳудий аҳоли вакилларининг фаластинликларга нисбатан зўравонлик ҳаракати Исроил хавфсизлик кучларининг розилиги, кўмаги ва баъзида бевосита иштирокида амалга оширилаётганини билдирган.
Жорий йил июль ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (OHCHR) Ғарбий Соҳилда исроиллик кўчманчилар томонидан содир этилаётган зўравонлик рекорд даражага етганини хабар қилди.
Буюк Британияда жойлашган “Save the Children” ташкилоти таҳлилларига кўра, сўнгги икки йил ичида Исроил ҳарбийлари томонидан Ғарбий Соҳилда болаларни ўлдириш кўрсаткичи кескин ортган. Икки йилда ўлдирилган болалар сони 18 йил давомида ўлдирилганлар сонига тенгдир.
Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам Тель-Авив ҳукуматини Ғарбий Соҳилда этник тозалаш амалиётини ўтказиш ва ишғол остидаги ҳудудни аннексия қилишга уринишда айблаган.
Жорий йил бошида БМТга аъзо 85 давлат Исроилнинг ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда амалга ошираётган халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларини кескин қоралаган эди.
Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади. Ҳозирга қадар мазкур ҳудудда 160 та манзилгоҳ қурилган ва 700 минг нафар яҳудий аҳолиси жойлаштирилган.
Тель-Авив ҳукумати халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, Ғарбий Соҳилда ноқонуний манзилгоҳларни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Маълумот ўрнида: Исроил парламенти 2025 йил июль ойида Ғарбий Соҳил “яҳудий халқи тарихий ватанининг ажралмас қисми” экани иддао қилган ҳолда, ҳудудни қўшиб олиш ҳақида ҳужжат қабул қилган эди. Бу ҳаракат халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.
БМТ кўп йиллардан буён Тель-Авивнинг оккупация сиёсатини қоралаб келади. Хусусан, БМТ тизимидаги Халқаро суд 2024 йилда Исроилнинг Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторини босиб олганини яна бир карра ноқонуний деб эълон қилди ва оккупацияни тўхтатишни буюрди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter