Коронавирусни аниқлашга қанча вақт керак бўлади?
Гонконг политехника университети олимлари бир соат ичида респираторли касалликлар, жумладан, янги турдаги коронавирус билан боғлиқ 40 тагача бактерия ва вирусни ташхислай оладиган тизимни ишлаб чиқишди, дея хабар берди «South China Morning Post» газетаси.
Хабарларга кўра, гонконглик олимлар коронавирус экспресс-диагностикаси учун портатив мосламани ишлаб чиқишган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, у 40 дақиқада ташхис қўйиши мумкин.
Нашрнинг ёзишича, мазкур тизим шифокорларга нохуш аломатлар қайд этилган беморларга ташхис қўйишни тезлаштиришга ёрдам беради. Мана, масалан, янги типдаги коронавирус ва респираторли касалликларнинг бошқа айрим турлари бир хил кўринишда намоён бўлиши мумкин.
«Ҳозирда мавжуд бўлган тестлар бир пайтнинг ўзида бактерия ёки вирусларнинг биттадан учтагача бўлган типини аниқлаши мумкин. Борди-ю, 40 та патогенни аниқлашга тўғри келса, тестни ўтказиш учун 40 киши жалб этилиши ёки битта шифокор 40 марта текширув ўтказишига тўғри келади», — дейди университет вакили профессор Теренс Лау Лок-тин.
Тест ўтказиш учун материал махсус картрижга олинади. Сўнг у автоматик таҳлил учун мосламага жойланади. Натижа бир соатларда тайёр бўлади. Олимлар бундай мослама тахминан бир неча юз Гонконг долларига баҳоланишидан умид қилишмоқда. Чунки ҳозирда мавжуд тестларнинг нархи бир минг Гонконг долларидан ортиқдир (129 АҚШ доллари).
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter