Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Косово собиқ президенти ва бош вазири 25 йилга озодликдан маҳрум этилди

Косово собиқ президенти ва бош вазири 25 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: LRT

16 сентябр куни Гаагадаги Махсус суд Косовонинг собиқ бош вазири ва президенти Ҳошим Тачини 1998-1999 йилларда Косово албанлари ва Сербия ўртасидаги қуролли можаро пайтида содир этган уруш жиноятлари учун 25 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Косово Озодлик Армиясининг яна уч нафар собиқ қўмондони 13 йилдан 25 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Косово томони ҳукмни «даҳшатли» деб атади ва уни қайта кўриб чиқишга чақирди. Серблар ҳам ҳукмдан норози, чунки судланувчиларнинг ҳаракатлари инсониятга қарши жиноятлар сифатида таснифланмаган.

​Гаагадаги Махсус суд судьяси Чарлз Смит Косовонинг собиқ бош вазири ва собиқ президенти Ҳошим Тачи ва Косово Озодлик Армиясининг яна уч нафар собиқ қўмондони - собиқ парламент спикерлари Кадри Весели ва Якуп Красничи, шунингдек, собиқ депутат Реджеп Селимининг айбдор деб топилган ҳукмларини эълон қилди. Ҳашим Тачи ва Якуп Красничи 25 йилга, Кадри Весели 18 йилга ва Реджеп Селими 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

​Махсус суд 2015 йилда Косово парламентининг қарори билан 1998-1999 йилларда Косово албанларининг Сербияга қарши қуролли кураши пайтида уруш жиноятларини содир этган собиқ КОА қўмондонлари ва жангчиларини жавобгарликка тортиш учун ташкил этилган.

Суд Косово юрисдикцияси доирасида фаолият юритса-да, унинг ходимлари бутунлай чет элликлардан иборат ва гувоҳларнинг таъқиб қилинишининг олдини олиш учун Гаагада жойлашган.

​Ҳашим Тачи ва КОАнинг яна учта қўмондони устидан суд жараёни уч йилдан ортиқ давом этди ва шу йилнинг февраль ойида якунланди. Прокурорлар судланувчиларнинг ҳар бирига 45 йил қамоқ жазосини талаб қилиб, уларни уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларда айбладилар. Прокуратура маълумотларига кўра, КОА мухолифлари - албанлар, серблар, лўлилар ва бошқалар - КОА марказларида ноқонуний равишда ҳибсга олинган; улар қатл этилган ва қийноққа солинган, натижада тахминан 100 киши ҳалок бўлган.

Ҳимоя томони барча айбловларни рад этди ва судланувчиларнинг КОА жиноятларидан хабардор эканлигига ҳеч қандай далил йўқлигини таъкидлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг