Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Макарена»га ўйнаган полициячиларни маъмурий жазо кутмоқда

«Макарена»га ўйнаган полициячиларни маъмурий жазо кутмоқда

Фото: «РИА»

Париж четидаги полиция идорасида 30 га яқин полициячи комендантлик соати ва санитария қоидаларини бузган ҳолда базмда иштирок этган. Ҳозирда мазкур иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари маъмурий жазога тортилиши мумкин, деб хабар бермоқда Франция оммавий ахборот воситалари.

Базм 22 январь куни Обервиль комиссарлигида ташкил этилган. Орадан бир ҳафта ўтгач «Loopsider» портали видео жойлади: унда ниқобсиз одамлар «Макарена»га рақс тушаётгани ҳамда ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига амал қилмаётганини кўриш мумкин.

«Фуршет Обервиль полиция идорасида комендантлик соати вақтида ва ижтимоий масофани сақлаш чораларини кўрмаган ҳолда ташкил этилган. Тергов давом этмоқда, базм иштирокчиларига маъмурий жазо чоралари қўлланилади», — дейилади полиция префектурасининг «Twitter»даги хабарида.

Оғир эпидемиологик вазият туфайли Францияда 15 декабрдан комендантлик соати жорий этилган. 16 январдан вируснинг янги штаммлари, хусусан, «Британия» штамми пайдо бўлгани боис чекловлар кенгайтирилди. Комендантлик соати мамлакат бўйлаб аввалгидек 20:00 эмас, 18:00 дан кучга киради. Мамлакатда музейлар, театрлар, кинотеатрлар, ресторанлар ва барлар ёпиқлигича қолмоқда.

Эпидемия бошланганидан бери Францияда коронавирус билан касалланганлар сони 3,1 миллион кишидан ошиб кетди, 74 мингдан ортиқ бемор вафот этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг