Макрон: «Қишда Украина энергетика тизимига қарши зарбаларга мораторий жорий этиш керак»
Франция президенти Эммануэль Макрон Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан Пекиндаги учрашуви чоғида Украина энергетика тизимига қиш фаслида зарба бермаслик бўйича мораторий жорий этишни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, қиш ойлари яқинлашар экан, энергетика объектларига ҳужумлар Украина аҳолиси учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, Макрон Хитой қишда Украинадаги энергентика инфратузилмасига зарбаларни тўхтатиш бўйича Франция томонининг чақириқларига қўшилишига умид билдирди.
Франция раҳбари фикрича, ҳеч бўлмаса қисқа муддатга бўлса ҳам энергетика объектларига зарбаларни тўхтатиш – яқинлашаётган совуқ мавсумда фуқаролар азият чекмаслиги учун зарур.
2024 йил баҳорида Россия ва Украина ўртасида энергетика инфратузилмасига зарба бермасликка оид 30 кунлик мораторий амал қилганди. Бироқ Москва Киев мораторийни 100 мартадан кўпроқ бузганини айтган, Киев эса айбловларни рад этиб, энергетика объектларига зарба бермаганини билдирган.
The New York Times нашрининг ёзишича, 2025 йил кузининг охирига келиб, уруш суръати сезиларли пасайганига қарамай, «энергетика фронти» энг фаол ва ҳал қилувчи йўналишга айланмоқда.
Россия мудофаа вазирлиги бир неча бор Украинанинг ҳарбий объектларига, энергетика инфратузилмасига ҳамда логистика ва таъминот тармоқларига ҳаво зарбаларини амалга оширганини маълум қилган. Москвага кўра, бу зарбалар фақат Украина ҳарбий салоҳиятини ёки у билан боғлиқ инфратузилмани йўқ қилишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Туркия ҳам Украина ва Россия ўртасида давом этаётган уруш шароитида энергетик тармоқларга зарба бермасликка чақирганди.
Анқара уруш шароитида ҳам Қора денгизда хавфсизликни сақлаш, энергетика йўлларини очиқ қолдириш ҳамда нефть ва газ транзитини узилмасдан давом эттиришни томонлардан талаб қилмоқда.
Ўтган ҳафта Украина дрони Новороссийск яқинида Каспий қувур консорциуми (CPC) терминалига зарар етказгач, қувурда нефть ташиш вақтинча тўхтатилганди. Бу қувур Қозоғистон нефтининг 80 фоизини, жаҳон нефть таъминотининг 1 фоиздан ортиғини ташийди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter