Медведевнинг саҳифасида СССРни тиклаш ҳақида таҳдидли баёнот чоп этилди
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, мамлакат собиқ президенти Дмитрий Медведевнинг «ВКонтакте» тармоғидаги расмий саҳифасида СССРни қайта тиклашга доир пост чоп этилди. Унда Россия Украинани «озод қилгач», бепоён Россия чегараларини қайта тиклаш бўйича навбатдаги юриш бошланиши маълум қилинган.
Таҳдидларга бой баёнотда Русия империяси таркибига кирмагунга қадар Грузия деган давлат мавжуд бўлмагани иддао қилинади. Қозоғистон рус ерларида сунъий тарзда тузилган давлат деган даъво ҳам илгари сурилади. Пост муаллифи Қозоғистонга рус аскарлари боришига ҳам шама қилади.
Кейинроқ Д.Медведевнинг «ВКонтакте»даги саҳифаси ҳакерлар ҳужумига учрагани маълум қилинди ва пост ўчирилди.
Сўнгги пайтларда Россиянинг катта-кичик рутбадаги мулозимлари СССРни қўмсаб баёнотлар бермоқда, Қозоғистонга нисбатан ҳудудий даъволар билан чиқмоқда.
2020 йил декабрь ойида Россия давлат думасининг илм-фан ва таълим қўмитаси раиси Вячеслав Никонов 1-телеканалнинг «Большая игра» дастурида «Қозоғистон ҳудуди Россия ҳамда Совет иттифоқи томонидан берилган катта совғадир», дея даъво қилганди.
Жорий йил январь ойида Қозоғистонда оммавий норозилик намойишлари бошланган кунларда ҳам бир гуруҳ россиялик депутатлар яна қўшни мамлакат ҳудудий яхлитлигига таҳдид солувчи баёнотлар берди.
СССР парчаланишини XX асрнинг йирик геосиёсий фожиаси деб биладиган президент Владимир Путин ҳам собиқ Иттифоқ борасида бир неча бор баҳсли қарашларини илгари сурган.
АҚШ президенти Жо Байден Путиннинг режалари Украина билан чегараланмаслиги, у Совет Иттифоқини тиклашга уринаётганини таъкидлаган.
Ўзбекистонлик таҳлилчи Отабек Бакиров ҳам Россиянинг Украинага бостириб киришдан кўзлаган пировард мақсади СССРни тиклаш экани ҳақида фикр билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter