Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мексикада журналист аёл ўлдириб кетилди

Мексикада журналист аёл ўлдириб кетилди

Журналист Норма Сарабия Мексика жануби-шарқида номаълум қотиллар томонидан ўлдириб кетилди. Жиноят аёлнинг уйи яқинида, Табаско штатининг Уиманигильо туманида содир этилган. Бу ҳақда «Milenio» газетаси хабар берди.

Дастлабки тергов маълумотларига кўра, журналист аёлнинг ўлимида икки нафар қуролли эркак киши гумон қилинмоқда. «Қайноқ излар» бўйича жиноятчиларни тутишга уриниш наф бермаган. Полиция қидирув-тергов ишларини давом эттирмоқда.

Қотиллик нима сабабдан амалга оширилгани номаълумлигича қоляпти. Фақат шуниси аниқки, Сарабия сўнгги бир неча йиллардан бери маҳаллий «Tabasco Hoy» газетасида ишлаб келаётганди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссия маълумотларига кўра, Мексикада 2000 йилдан бери 145 нафардан зиёд журналист ўлдириб кетилган. Чегарасиз репортёрлар ташкилоти хабарига кўра эса, 2018 йили Мексикада 9 нафар журналист зўравонликдан жабр кўрган.

Халқаро журналистлар федерацияси 2018 йили жаҳон бўйича ОАВнинг 94 нафар ходими ўлдириб кетилгани ҳақида хабар берган. Бундай қотилликлар бўйича Афғонистон яққол пешқадам.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг