Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Миллат тафаккурини янгилаган адиб”нинг 180 йиллиги кенг нишонланмоқда

“Миллат тафаккурини янгилаган адиб”нинг 180 йиллиги кенг нишонланмоқда

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев улуғ мутафаккир Абай Қўнонбоев таваллудининг 180 йиллигига бағишланган тантанали тадбир иштирокчиларига табрик йўллади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.

“Абай – маданиятимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган жаҳон миқёсидаги даҳо, халқимиз миллий тафаккурини тиклаган буюк шоирдир. У замонавий қозоқ адабиётига асос солди, дунёқарашимиз уфқларини кенгайтирди. Абай ўсиб келаётган авлодни билимли, меҳнатсевар, ҳалол инсон бўлиб етишишга даъват этиб, миллатнинг янги сифатини шакллантирувчи фазилатларни тараннум этди. У ватанга муҳаббат, эл-юрт манфаатлари йўлида фидокорона хизмат қилишнинг юксак намунасини кўрсатди”, – дейилади табрикда.

Таъкидланишича, Абайнинг бой мероси бутун инсоният ўрнак олса арзийдиган бебаҳо хазина ҳисобланади. Зеро, мутафаккирнинг таълимоти ҳалигача долзарблигини йўқотмаган.

Маълумот ўрнида: 2018 йил 13 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида” қарори қабул қилинган эди.

Ушбу ҳужжат асосида мамлакатимизда Абай мероси чуқур ўрганилиб, кенг тарғиб этилмоқда.

Улуғ шоир таваллудининг 180 йиллиги муносабати билан ҳам Тошкентда қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, пойтахтимизда “Абай – қозоқ ва ўзбек халқларининг севимли шоири” номли халқаро конференция ташкил этилди.

Абай Қўнонбоев (1845–1904) – қозоқ ёзма адабиётининг асосчиси, файласуф, педагог, бастакор, таржимон, маърифатпарвар. Араб, форс, туркий ва рус тилларини пухта эгаллаган, Шарқ ва Ғарб адабиётини чуқур ўрганган мутафаккир қозоқ адабиёти ва маънавиятида ўчмас из қолдирган. Унинг “Қора сўз”, “Насиҳатлар” каби асарлари миллатнинг ахлоқий, диний, фалсафий тафаккурини бойитишда муҳим ўрин тутган.

Қозоғистон, Россия, Туркия, Германия, Франция, Эрон билан бирга Ўзбекистонда ҳам Абай ҳайкали ўрнатилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг