Мушт
Бокс оламининг сўнмас юлдузларидан бири, афсонавий Майк Тайсоннинг бир суҳбатидан шу қадар таъсирландимки... Фақат таъсирланиш эмас, инсон ўз ҳаётида дуч келадиган турфа хил чорраҳа, турфа ҳолатларни ўйлаб, хаёлим қочди...
Тайсоннинг журналист билан суҳбати бинойидек кетаётган эди, аммо... кутилмаганда «темир мушт» ўрнидан сапчиди, суҳбатдошига қутурган филдек ташланишига сал қолди. Бунга журналистнинг: «Охирги жангингиз учун 20 миллион доллар маблағ олдингиз, бу кўп эмасми?» деган саволи сабаб бўлди.
Тайсон шайтонга ҳай бериб, дилини жаҳли устига ёпди. Оғир ўтган болалиги, оч-юпун кунлари, тинимсиз муштлашув, омон қолиш учун ўтказган тенгсиз жанглари, ютқизиқлар, аёвсиз калтаклар, юзидан тер каби оққан қон, зирқираган суяклари, адолатсизлик, ирқий камситишлар ҳақида гапирди.
«Сен билиб қўйки, ҳаётнинг залворли мушти менинг, сизлар «темир» деб атайдиган муштимдан юз, минг баробар аёвсиз, — деди у суҳбатдошига. — Хоҳлаган пайтида эзиб, янчиб, чилпарчин қилиб ташлайди. Ўласанми, қоласанми, киссангда пулинг қолганми-йўқми, ота-онангнинг аҳволи қандай – бу билан иши йўқ. Нима ҳам қилардим, яшашим керак. Ҳамма кўчага кириб чиқдим, қамалдим, гиёҳвандлик балосидан қутулишга ҳаракат қилдим. Аммо менга... муштимдан бошқа ҳеч ким, ҳеч нарса ёрдамга келмади. Сен қанчадан-қанча боксчилар машқ пайтида юрагига мушт тушиб, ўша заҳоти оламдан ўтгани, уйида болалари зор қақшаб қолгани, оналарининг оҳ-фарёдини биласанми? Билмайсан, шунинг учун ҳам шундай бемаъни саволлар берасан. Яна шуни ҳам билиб қўйишинг керакки, бизнинг жанг олдидан тузиладиган шартномаларимизда, борди-ю жанг пайти ўлим ҳолати юз берса, бунинг учун кимдир жавоб бериши кераклиги тўғрисида бирор бир ёзув бўлмайди. Боксчи кўп ҳолатларда рақиби билан эмас, ўлим билан жанг қилади. Мана, менинг сенга жавобим...»
Аҳмаджон Мелибоев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter