Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мяньмадаги зилзила қурбонлари сони 1000 нафардан ошди

Мяньмадаги зилзила қурбонлари сони 1000 нафардан ошди

Мяньманинг марказий қисмидаги Мандалай шаҳрида содир бўлган 7,7 магнитудали кучли зилзила оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлди. Ерости силкинишлари қўшни Таиланддаги Бангкокгача ҳам сезилган.

Мяньмада кучли зилзила 1000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва расмийлар қурбонлар сони сезиларли даражада ошиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

«Ўлганлар ва жароҳатланганлар сони ортиши кутилмоқда», – деди Мяньма ҳарбий қўмондони, катта генерал Мин Аунг Хлаинг.

Зилзила оқибатида юзлаб одамлар бедарак йўқолган, 2400 га яқин киши жароҳатланган.

Таиланд пойтахти Бангкокда эпицентрдан 1330 км жануби-шарқда қурилаётган кўп қаватли бинонинг қулаши оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди. Расмийлар, шунингдек, учта қурилиш майдончасида ўндан ортиқ одам турли даражада жароҳатлангани ва 100 дан ортиқ одам бедарак йўқолганини маълум қилди.

АҚШ Геология хизмати Мяньмадаги зилзилалар қурбонлари сони 10 мингдан ошиши мумкинигини айтмоқда.

Зилзиладан энг кўп зарар кўрган ҳудудларда қонга талаб ортган. Мин Аунг Хлаинг Мяньма хориждан ёрдам олишга тайёрлигини айтди.

БМТ биринчи ёрдам учун аллақачон 5 млн доллар ажратган. АҚШ президенти Доналд Трамп жума куни Вашингтон ҳам зилзиладан жабр кўрган ҳудудларга ёрдам беришни режалаштираётганини маълум қилди. Бироқ баъзи экспертлар унинг маъмурияти ташқи ёрдамни кескин қисқартирганидан хавотирини билдирган.

Бир қанча давлатлар, жумладан Малайзия, Россия ва Хитой жабрланган ҳудудларга қутқарувчиларини юборган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг