Нега Трамп Зеленскийни ёмон кўради?
Politico нашри ёзишича, АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп ўз сиёсий муаммоларида Украинани ва шахсан унинг раҳбари Владимир Зеленскийни айбдор деб билади.
Журналистларнинг фикрича, Трампнинг Украинага адовати илдизлари чуқур — 2016 йилда пайдо бўлган. Трамп Украинани Демократлар партияси серверларини бузиб кириб, сайловларга аралашганликда айбдор санайди, дейилади хабарда.
Трамп ва Украина ўртасидаги низода унинг Зеленский билан телефондаги суҳбати бош ролни ўйнайди — оқибатда Оқ уй раҳбари устидан импичмент жараёни бошланган.
Ўша суҳбатда Трамп Киевга президент Жо Байденнинг ўғли билан алоқадор Burisma компаниясини тафтишга тортишни талаб қилган, бироқ ҳеч қандай суриштирув ўтказилмаган, қайтанга ушбу суҳбат Трампга нисбатан импичмент жараёни бошланишига олиб келган.
«Шу боис Трамп Зеленскийдан нафратланади. Буни Зеленский ҳам билади», — дея таъкидлади илгари Трампнинг адвокати билан ишлаган тадбиркор Лев Парнас.
Бўлғуси президентлик сайловида Трамп ғалаба қозониши эҳтимолидан келиб чиқиб, Киев имкон қадар оёққа туриб олиш ва ички қурол-яроғ ишлаб чиқаришни ошириш ҳаракатида, чунки «Трамп ғалаба қозонган тақдирда, аҳвол вой бўлиши тайин».
Яқинда Washington Post газетаси Трамп АҚШ президентлиги учун сайловда зафар қучса, Киевни Қрим ва Донбассни Россияники дея тан олишга мажбурлашга уриниши ҳақида ёзганди. Сиёсатчининг ўзи эса Украинадаги урушни 24 соат ичида тугата олишини бир неча марта айтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter