Пашинян Россия етакчилигидаги ташкилотни Арманистон учун таҳдид деб атади
Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатнинг Коллектив хавфсизлик шартномасидаги (КХШТ) иштироки тўхтатилгани сабабини очиқлади.
«КХШТдаги аъзолигимизни музлатиб қўйганимиз сабаби мазкур ташкилот Арманистон хавфсизлигига оид мажбуриятларини бажармаётганигина эмас. Бизнинг фикримизча, КХШТ Арманистон хавфсизлиги, унинг истиқболи, суверенитети ва давлатчилигига таҳдид солади. Шу боис КХШТдаги аъзолигимизни тўхтатдик», – деди Н.Пашинян.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль расмий Ереван фикрига мутлақо қўшилмаслигини айтган.
«КХШТ Арманистон суверенитетига таҳдид солмаган ва солмайди ҳам. Аксинча, бу ташкилот аъзо давлатлар суверенитетини муҳофаза этади», – деган у.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 31 август куни Арманистон КХШТнинг барча органларидаги иштирокини музлатиб қўйди.
Пашинян 2024 йил 12 июнидаги баёнотида Арманистон КХШТ аъзолигидан чиқишини айтган, аммо унинг санасини маълум қилмаганди.
Жорий йил июль ойида Арманистонда АҚШ билан ҳамкорликда ҳарбий машғулотлар ўтказилди. Таҳлилчилар Ереваннинг Вашингтон билан ҳамкорликдаги ҳарбий ўқув тадбири «Россияни хафа қилувчи қадам» бўлиши мумкинлигига эътибор қаратган.
Москва билан муносабатлар совуқлашуви фонида Ереван Ғарб томон юз бурмоқда.
Жорий йил 11 июнь куни Арманистон АҚШ билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга доир битим имзолади.
4 июль куни бош вазир Пашинян Қўшма Штатлар билан муносабатларни стратегик ҳамкорлик даражасига кўтариш истагини билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter