Павел Дуров Россияга экстрадиция қилинадими?
Телеграм асосчиси Павел Дуров Россиядан ташқари, Франция, БАА, Сент-Китс ва Невис фуқаролигига ҳам эга. Шу сабабли, Париж уни Россияга экстрадиция қилмайди, деди франциялик адвокат Филипп де Вел ТАСС агентлигига. У Россия ФХХсининг тадбиркорни халқаро қидирувга бериш ниятини эълон қилиши ҳақида шундай изоҳ берди.
Франция фуқароларини экстрадиция қилиш мамлакат Жиноят-процессуал кодексининг 696-4-моддаси билан тақиқланган, деб таъкидлади адвокат. Агар Интерпол сўраса, Павел Дуров дарҳол ҳибсга олинмайди. «Прокуратура ва хусусан, суд ушбу ҳаракат Францияда жиноят ҳисобланадими ёки йўқлигини текширмоқда», деб тушунтирди де Вел.
Адвокат уни ҳибсга олиш тўғрисидаги қарор ҳар қандай ҳолатда ҳам Франция прокуратураси томонидан қабул қилинишини таъкидлади. Агар назорат органи унга қарши қўйилган айбловларда маҳаллий қонунларнинг бузилишини аниқламаса ёки уларни сиёсий мотивли деб ҳисобламаса, Павел Дуров ҳибсга олинмайди.
Бугун ФХХ Телеграм асосчисига терроризмга ёрдам берганликда айблов эълон қилди. Улар шунингдек, Павел Дуровни халқаро қидирувга бериш ниятини билдирди. Агентлик баёнотида хабар алмашиш иловаси Украина разведка идоралари томонидан ёш русларни ёллаш учун ишлатиладиган «кўплаб каналлар, чатлар ва ботлар»ни ўчиришда муваффақиятсизликка учраётгани айтилган. Бунга Мах ва ВКонтактеда ҳам мавжуд бўлган «Дайвинчик/Лео» чатботи ҳам киради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter