Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Politico: Евроиттифоқ Россияни «қора рўйхати»га киритди

Politico: Евроиттифоқ Россияни «қора рўйхати»га киритди

Европа Иттифоқи расман Россияни пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш хавфи юқори юрисдикциялар рўйхатига киритди.

Бу ҳақда ҳужжат ва қарордан хабардор икки манба Politico нашрига тасдиқлаган, бироқ ҳозирча расмий маълумотлар эълон қилинмади.

Россия учун бу барча молиявий операцияларининг хавфли деб топилишини англатади. Европадаги банклар ва молия муассасалари россиялик шахслар, компаниялар, банклар ва бенефициарлар билан боғлиқ ҳар қандай операцияда кучайтирилган текширув (Enhanced Due Diligence) қўллайди. Банклар маблағ манбасини аниқлашга, операция мақсадини сўрашга ҳамда транзакцияларни доимий кузатиб боришга мажбур бўлади.

ЕИ банклари ва компаниялари қўшимча рискларни олмаслик учун ҳисоб очишни рад этиши, мавжуд ҳисобларни ёпиши ва тўловларни кечиктириши ёки бекор қилиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда, россиялик жисмоний ва юридик шахслар учун Европадаги молиявий ҳаёт жиддий қийинлашади. Жумладан, бизнес юритиш, инвестиция қилиш, ўқиш учун турли тўловлар, кўчмас мулк сотиб олиш ва депозит ва валюта операцияларида қийинчиликларга рўбарў келишади.

Politico танишган ҳужжатга кўра, Еврокомиссия Москва билан маълумот алмашилмагани сабабли баҳо бериш мураккаблашгани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, Россия 2022 йилдан FATF фаолиятидан четлатилган бўлса-да, ташкилот ҳали Россияни «қора» ёки «кулранг» рўйхатга киритмаган эди. ЕИ эса мустақил равишда Россияни хавфли юрисдикция деб топди. Бу эса Европанинг Россияга молиявий ишонч даражаси жуда паст эканини кўрсатади.

Евроиттифоқ Россияни қора рўйхатга киритиш учун қатор давлатларда террористик ташкилот деб тан олинган Вагнер ҳарбий гуруҳини молиялаштириш, Шимолий Корея ва Эрон контрагентлари билан молиявий муносабатлар, санкциялар ва ювиш чекловларини айланиб ўтишга хизмат қилаётган криптобиржалар тизимини яратиш каби операцияларни етарли асос деб топган. 

Манба: politico.eu

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг