Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Путин янглишиб кетди, уни матбуот котиби Песков тўғрилади

Президент Путин янглишиб кетди, уни матбуот котиби Песков тўғрилади

Фото:«Kremlin.ru»

Россия президенти Владимир Путин инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолари билан видеомулоқот пайти айни пайтда қамоқда тутиб турилган журналист Иван Сафроновга оид жиноий иш бўйича янглиш маълумот берди. Пировардида матбуот котиби Дмитрий Песков чалкашликка аниқлик киритди.

Президент Путин билан мулоқот пайти «Коммерсант» нашрида узоқ йиллар фаолият юритган журналист, сўнгги вақтларда «Роскосмос» раҳбари маслаҳатчиси лавозимида ишлаган Иван Сафроновнинг тақдири ҳақида ҳам савол берилди.

Аввал хабар берганимиздек, И.Сафронов жорий йил 7 июль куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан давлатга хиёнат айблови билан ҳибсга олинди. Журналист мамлакат мудофаасига доир маълумотларни Чехия махсус хизматига етказишда айбланмоқда.

В.Путин бу борадаги саволга жавоб берар экан, И.Сафронов журналистлик фаолияти учун эмас, балки «Роскосмос» раҳбари маслаҳатчиси лавозимидаги иши давомида содир этган жинояти учун судланганини маълум қилди.

Кўп ўтмай, президентнинг ушбу баёнотида иккита янглиш фикр айтилгани юзага чиқди. Гап шундаки, И.Сафронов иши бўйича тергов якунлангани йўқ, бинобарин, суд ҳукми ҳам ҳали эълон қилинмаган.

Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков вазиятга ойдинлик киритар экан, Владимир Владимирович «журналист судланди» деганда янглишиб кетганини тан олди.

И.Сафронов «Роскосмос» раҳбари маслаҳатчиси лавозимидаги иши давомида содир этган жинояти учун судланди» деган фикр ҳам мазкур ташкилот томонидан рад этилди. Гап шундаки, «Роскосмос» корпорацияси раҳбари Дмитрий Рогозин журналист давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинган илк кезлардаёқ унинг махфий маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқи бўлмаганини таъкидлаган эди.

«Тергов идораси Иван Сафроновни 2017 йилга қадар рўй берган эпизодлар бўйича айбламоқда. И.Сафронов «Роскосмос» давлат корпорациясида 2020 йил май ойидан ишлай бошлаган, холос. «Роскосмос» бош қароргоҳида жорий йил баҳорда COVID-19 пандемияси муносабати билан жорий этилган чекловлар сабаб ҳибсга олингунга қадар масофадан туриб ишлаган. Давлат сири саналган маълумотлар билан танишиш ваколатига эга бўлмаган», – дейилади «Роскосмос» матбуот хизмати тарқатган баёнотда.  

Ҳибсдаги журналистнинг адвокати Иван Павлов эса президентга мазкур жиноий иш бўйича ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар атайин киритилгани эҳтимолини айтган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг