Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин Ким Чен Ин ҳузурига делегация юбормоқда. Муддао маълум...

Путин Ким Чен Ин ҳузурига делегация юбормоқда. Муддао маълум...

Фото: EPA

Россия президенти Владимир Путин Шимолий Кореяга қурол-аслаҳа таъминоти бўйича кўмак сўраб делегация юбормоқда. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Жон Кирби маълум қилди.

Вашингтон мулозимига кўра, Москва Пхеньянга қурол-аслаҳа эвазига озиқ-овқат маҳсулотлари таклиф этмоқчи. Ж.Кирби махфий маълумотни ошкор этар экан, Шимолий Корея томонидан Россияга қурол етказилиши БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига зид эканини эслатган.

Таҳлилчиларга кўра, Украинадаги уруш, хусусан, Бахмут ва Донбасс учун жангларда Россия қурол-аслаҳа захирасининг катта қисмини йўқотган. Ғарб томонидан санкциялар жорий этилган шароитда Москва бу борада кам сонли дўст мамлакатларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

АҚШ аввалроқ Шимолий Кореяни «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати орқали рус ҳарбийларига жанговар ракета ва снарядлар етказиб беришда айблаган эди. Ушбу келишув словакиялик қуролфуруш Ашот Мкртичев воситачилигида амалга оширилган. Қўшма Штатлар молия вазирлиги ушбу шахсни аллақачон «қора рўйхат»га киритган.

Аввалроқ расмий Пхеньян Россияга Украинага қарши урушда истифода этиш учун қурол-яроғ етказиб бераётгани ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этиб, АҚШга «оғзини юмиб ўтириш»ни тавсия қилган эди. Шимолий Корея расмийлари ҳарбий техникани ишлаб ишлаб чиқариш, уни экспорт ва импорт қилиш «суверен давлатга хос қонуний ҳуқуқ» эканини ҳам уқтирган.

Россия армиясини Эрон ҳам фаол равишда қурол билан таъминлаётгани айтилмоқда. Жумладан, жорий йил январь ойида Эрон Россияга Украина урушида қўллаш учун махфий равишда миллионлаб ўқ-дори ва снаряд жўнатгани ошкор этилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг