Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин Россиядан Ўзбекистонга нақд пул олиб чиқишга чеклов киритди

Путин Россиядан Ўзбекистонга нақд пул олиб чиқишга чеклов киритди

Россия президенти Владимир Путин жисмоний шахсларнинг Россиядан Ўзбекистон, Озарбайжон, Тожикистон ва ЕОИИ давлатларига 1 млн рублдан ортиқ (тахминан 11 850 АҚШ доллари) нақд маблағ олиб чиқишини чекловчи фармонни имзолади. Ҳужжат 2026 йил 29 сентябрдан кучга кирди.

Янги тартибга кўра, жисмоний шахслар белгиланган давлатларга 1 млн рублдан ортиқ нақд пулни одатий тартибда олиб чиқа олмайди. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун эса нақд рубл олиб чиқиш сумма миқдоридан қатъи назар тақиқланди.

Бироқ истиснолар ҳам бор. Хусусан, ҳукумат белгилайдиган халқаро аэропортлардаги ҳаво чегара пунктлари орқали пулни банк ҳисобварағидан ечилганини тасдиқловчи кўчирма ёки бошқа белгиланган ҳужжатлар мавжуд бўлса, йирик суммадаги нақд маблағни олиб чиқиш мумкин бўлади.

Юридик шахсларга Россия ҳудуди орқали амалга оширилаётган халқаро ташувлар доирасида, шунингдек, Россия дипломатик ва консуллик муассасалари фаолиятини таъминлаш учун ҳам алоҳида истиснолар назарда тутилган.

Талаб бузилса, жисмоний шахсларда 1 млн рублдан ортиқ қисми мусодара қилинади. Юридик шахслар ва якка тадбиркорларда эса олиб чиқилаётган нақд рублнинг барчаси олиб қўйилади.

Аввал, 2026 йил 1 апрелдан Россиядан ЕОИИ давлатларига нақд рубл олиб чиқиш бўйича лимит 100 минг доллар эквиваленти даражасида эди. Янги фармон билан лимит 1 млн рублгача пасайтирилди ва чеклов Ўзбекистон, Озарбайжон ҳамда Тожикистонга ҳам татбиқ этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг