Путин саратонга қарши муолажа олгани айтилмоқда
Россия президенти Владимир Путин жорий йил апрель ойида кучайиб бораётган саратон хасталигига қарши муолажа курсини олган. Бу ҳақда АҚШнинг Newsweek нашри жосуслик идорасидаги манбаларига таяниб хабар берди. Нашр манбалари, шунингдек, март ойида Путинга қарши суиқасд амалга оширилганини маълум қилган.
Newsweek мухбири АҚШ миллий разведка бошқармаси (ODNI) вакили, ҳарбий ҳаво кучларининг истеъфодаги офицери ҳамда Пентагон (мудофаа вазирлиги) жосуслик бошқармаси (DIA) ходими билан суҳбатлашган.
Суҳбатдошлардан бири Россия раҳбарининг шиддати анча сусайгани, хотима яқинлигини иддао қилган.
Айни чоқда, жосуслик идораси вакилларидан бири Украина босқинидан кейин Путин янада кучли иҳоталангани, деярли хорижлик ҳамкасблари билан учрашмаётгани, бу эса унинг саломатлиги хусусида аниқ ва ишонарли маълумот олишни қийинлаштираётганини қайд этган. Россия президентининг кўпроқ парда ортида бўлишга уринаётгани эса турли овозаларга доялик қилмоқда.
Украинада шафқатсиз уруш кетаётган бир пайтда В.Путиннинг саломатлиги ёмонлашгани хусусида тахминлар илгари сурилмоқда. Хусусан, апрель ойида журналистик суриштирувларга ихтисослашган “Проект” нашри Россия президенти саратон хасталигини жарроҳлик йўли билан даволовчи шифокорларнинг доимий кузатувида экани хусусида ёзди. Мазкур нашрга кўра, саратон хасталиги бўйича мутахассис Путиннинг Сочидаги қароргоҳига камида 35 марта борган.
Аввал хабар берганимиздек, бир неча кун аввал бу масалада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам баёнот берди. Мамлакат бош дипломати Франциянинг TF1 телеканалига берган интервьюсида Путиннинг саратон билан касаллангани ва икки-уч йил умри қолгани ҳақидаги мишмишларни рад этиб, унинг соппа-соғ эканини қайд этган.
69 ёшли В.Путиннинг шахсий ҳаёти ҳамда саломатлиги Россияда тақиқланган мавзулар сирасига киради. Расмий ОАВда мамлакат раҳбари мунтазам равишда спорт билан шуғулланувчи, соғлом ҳаёт тарзига одатланган шахс сифатида кўрсатилади. В.Путин у ёки бу хасталикка чалингани хусусидаги хабарлар кўп йиллардан бери рад этиб келинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter