Путин Хитойга етиб келди
Россия президенти Владимир Путин расмий ташриф билан Хитой Халқ Республикасига етиб келди. Пекин шаҳридаги Шоуду аэропортида давлат раҳбарини Хитой ташқи ишлар вазири Ван И кутиб олди.
ХХР раиси Си Цзинпин билан музокаралар бугун, 20 май куни бўлиб ўтади. Томонлар Россия ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатлар масалаларини муҳокама қилади.
Расмий маълумотга кўра, ташриф яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилмоқда.
Шунингдек, давлат раҳбарлари Россия ва Хитой таълим йилларининг (2026–2027 йиллар) тантанали очилиш маросимида иштирок этади.
Учрашув якунига кўра олий даражадаги Қўшма баёнот ҳамда икки томонлама ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа ҳужжатлар пакетини имзолаш режалаштирилган.
Путин, шунингдек, Хитой бош вазири Ли Цян билан учрашув ўтказади. Унда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади.
Бундан бир неча кун аввал АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Хитойга ташриф буюрган эди. Россия томони Путин Хитойга боришининг Трампга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter