Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қимор ўйинлари қироли 18 йилга қамалди

Қимор ўйинлари қироли 18 йилга қамалди

2021 йилда ҳибсга олингунига қадар, Элвин Чао Макао юлдузи эди.

Фото: Zerkalo.io

Макаодаги қимор ўйинлари қироли Элвин Чао 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Уюшган жиноятчилик, ноқонуний қимор ўйинлари — юзлаб айбловлар илгари сурилди. Бироқ 105 млрд АҚШ долларига тенг маблағни ноқонуний қимор ўйинларига тикишни ташкил этгани «қирол»нинг энг катта айби эди.

Чао биронта айбловни бўйнига олмади.

Маълумот учун: Макао Португалиянинг собиқ мустамлакаси бўлиб, Хитойда қимор ўйинлари рухсат этилган ягона шаҳар.

Чао пуллар дарё бўлиб оқувчи, казинолар мавзуларидаги кинолардаги қаҳрамонларни эслатади: дид билан кийинар, офтобда тобланган, сочлари ҳафсала билан ортга таралган. Унинг суратлари хитой тилидаги кўплаб таблоидларнинг биринчи саҳифаларини доим безаб келган.

Жанрдаги барча «киноқаҳрамонлар» каби унинг учун энг муҳими — пуллар, жуда кўп пуллар эди. У асос солган ва раҳбарлик қилган Suncity Group корпорацияси фақат ўта бой мижозлар учун қимор ўйинларини ташкиллаштириб келган.

Компания бутун Хитойдан бойларни Макаога жалб этишдан ташқари, уларга катта миқдорда қарз бериш (судхўрлик) билан шуғулланган, қиморхоналарга мижозлардан пулларни ундиришда кўмак кўрсатган.

Прокуратура Чаони мижозларни декларацияланмаган (шу боис ноқонуний) пул тикишга рағбатлантирувчи жиноий синдикат тузиш ва унга раҳбарлик қилишда айблади. Оқибатда биргина Хитой ҳукумати тўланмаган солиқлар кўринишида 1 млрд АҚШ долларидан кўпроқ зарар кўргани айтилмоқда.

«Қимор қироли»нинг иши кўрилган суд Чао ҳамда унинг 20 га яқин шеригини деярли барча илгари сурилган даъволарда (пулларни ювишдан ташқари) айбдор деб топди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг