Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қирғизистонда янги турдаги динозавр қолдиқлари топилди — Алпқорақуш

Қирғизистонда янги турдаги динозавр қолдиқлари топилди — Алпқорақуш

Фото: Dinopedia

Германиянинг Мюнхен палеонтология музейи олимлари қирғизистонлик ҳамкасблари билан биргаликда Тошкўмир шаҳри яқинидаги тоғ-чўлли ҳудудда теропод гуруҳига мансуб йиртқич динозавр қолдиқларини топишди. Тадқиқот ҳақида ёзилган мақола Zoological Journal of the Linnean Society (ZJLS) илмий нашрида эълон қилинди.

Янги турдаги динозаврга Alpkarakush kyrgyzicus — Қирғиз алпқорақуши, деб ном берилди.

«Alpkarakush kyrgyzicus — Қирғизистон ҳудудида топилган илк теропод динозавр. Унга «Манас» эпосидаги афсонавий улкан қуш — Алпқорақуш номи берилди», — дейилади мақолада.

Фото: Species New to Science

Динозаврнинг тошга айланган қолдиқлари тахминан 165 миллион йил аввал ўрта юра даврида ҳосил бўлган Балбансой қатламининг чўкиндиларида топилди. Таҳлил хулосаларига кўра, баҳайбат калтакесакнинг узунлиги тахминан тўққиз метрга етган ва улкан «қошлар» — бош суягидаги кўз бўшлиғи устидаги катта суяк бўртиғига эга бўлган.

Фото: Reddit

Кўплаб бошқа тероподларга солиштирилган қирғиз динозаври метриакантозавридларга мансублиги ва Шарқий Осиёнинг йиртқич динозаврлари билан узвий боғлиқлиги аниқланган.

Палеонтологлар метриакантозаврид ва тероподларнинг бошқа муҳим гуруҳлари Жануби-Шарқий Осиёда пайдо бўлган ва Марказий Осиё ҳамда Европа орқали бошқа қитъаларга тарқалган, деб тахмин қилишади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг