Қўғирчоқлар қишлоғига айланган қайғули Нагоро
Дунёда ажойиб жойлар бор, қизиқарли ва ғалатилиги билан ажралиб турадиган масканлар бор. Япониянинг Нагоро қишлоғи Мексикадаги қўғирчоқлар оролидек даҳшатли эмас, аммо қайғули. Нагоро қишлоғи Сикоку оролида жойлашган.
Илгари бу ер ўзининг дўконлари, мактаби, болалар боғчаси ва касалхонасига эга бўлган энг оддий япон қишлоқларидан бири эди. Ўша пайтда қишлоқда 400 га яқин аҳоли истиқомат қилган. Aммо аста-секин маҳаллий аҳоли, айниқса ёшлар яхши яшаш шароитларини излаб қишлоқни тарк эта бошладилар ва кексалар сафи борган сари сийраклаша бошлади. Яъни аҳолининг иш излаб оммавий чиқиб кетиши ва табиий ўлим туфайли аҳоли сони камайди. 2015 йил январ ойида қишлоқда атиги 35 киши яшаган, бу камайиш йилдан йилга давом этмоқда.
65 ёшли Aяно Цукими 2000 йилларнинг бошида ўз қишлоғига қайтиб келган ва аҳоли сони сезиларли даражада камайганини кўрган. Ва у қишлоқдаги энг ёш аёллардан бири бўлиб қолди. Афсуски ҳувиллаган қишлоқда саноқли одамларни кўрди.
Aяно эккан экинларни қушлар баракасини учира бошлагач у қўғирчоқ – дала қўриқчисини ясади. Одам ўлчамидаги қўғирчоқни ясагач, у отасига жуда ўхшашлигини пайқаб қолди.
Аяно ўша кундан кўпроқ қўғирчоқлар тикишни бошлади ва уларни бир вақтлар қишлоқда яшаган қишлоқ одамларига ўхшатиб ясади.
Яъни эндиликда у вафот этган бирор одамнинг ўрни бўш қолмаслиги учун унга ўхшатиб қўғирчоқ ясайди. Аяно қишлоқда болаларни кўргиси келгани учун жуда кўплаб кичкинтойларни яратди. Ахир бу ерда 20 йилдан ошдики чақалоқ туғилгани йўқ. Бундай юмуш унга ёлғизлик билан курашишга ёрдам берди. Ҳозир қишлоқда Aянонинг 400 дан зиёд сирли қўшнилари бор.
Қўшниларининг айримлари автобус бекатида ўтиришибди, ўқувчилар дарсда, болалар боғчасида, ана скамейкада аёллар гаплашишмоқда, ҳаттоки одамлар далада меҳнат қилмоқда.
Қўғирчоқлар ҳатто қишлоққа кираверишда меҳмонларни кутиб олишади. Яна 2012 йилда охирги икки ўқувчи олтинчи синфни тугатгандан сўнг ёпилган мактабда сиз кўплаб қўғирчоқларни топишингиз мумкин – ўқувчилар, ўқитувчилар ва бошқа қаҳрамонлар.
Шунингдек, Нагорода телефон будкаси ёнида ўтирган одамларни, дарёда балиқ тутаётган эркакни, автобус бекатида автобус кутаётган бир гуруҳ йўловчиларни, коммунал хизматчиларни учратишингиз мумкин.
Ана йўл четида бир аёл ногиронлар аравачасида дам олади. Қурувчилар танаффус вақтида сигарет чекишмоқда. Йўлсозлар йўлни таъмирламоқда.
Aяно Цукими қўшниларини диққат билан кузатиб боради. Ҳар куни уларнинг сафи камаймаганига эътибор қаратади. Ҳар уч йилда бир марта қўғирчоқларнинг тўзғиган кийимлари ўрнига янгиларини тикади, синган, чиққан, бузилган «тана» аъзоларини «даволайди».
Шубҳасиз, янги қишлоқ аҳолиси Нагорога сайёҳларни жалб қила бошлади. Бу қишлоққа ташриф буюрган кўпчилик қўғирчоқлар одамларга жуда ўхшашлигини айтишади. Бу ғайриоддий ва жуда қўрқинчли, дейишади. Қоронғи тушгандан кейин қишлоқда айниқса қўрқинчли бўлади. Тик турган қўғирчоқлар қишлоқ меҳмонларини қўрқувга солади. Aянонинг айтишича эса, турли манзаралар бир вақтлар қишлоқда яшаган одамларнинг хотираларини уйғотади.
Бугунги кунда Нагорода йигирмага яқин катталар қолган.
Аянонинг сўзларига кўра, ҳозир қўғирчоқлар сони кўпайганидан сўнг уларни кўриш учун мамлакатнинг турли бурчакларидан ва ҳатто хориждан ҳам одамлар кела бошлаган. Бу эса қишлоққа файз киритиб жонлантирган. Ажабмас туристлар туфайли одамлар тирикчиликни давом эттириш учун яна қишлоғига қайтса...
Интернет материаллари асосида тайёрланди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter