Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистонда парламент сайлови: эртага «сукунат куни»

Қозоғистонда парламент сайлови: эртага «сукунат куни»

Фото: Tengrinews.kz

Бугун – Қозоғистонда ўтиши кутилаётган парламент сайлови доирасидаги сўнгги тарғибот куни. 18 мартдан депутатликка номзодларнинг тарғибот-ташвиқот олиб бориши тақиқланади, яъни қонунчиликка кўра, эртага «сукунат куни» саналади.

Якшанба,  19 март куни Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси (Мажлис) ҳамда маҳаллий кенгашларга (маслаҳат) сайлов бўлиб ўтади.

Қозоғистонда ўтган йилги конституциявий ислоҳотдан кейин сиёсий партия ташкил этиш нисбатан соддалаштирилди. Имзо йиғиш талаби 20 мингдан 5 мингга туширилди. Партияларнинг ҳудудий вакилликлари минимал миқдори 600 нафардан 200 нафарга камайтирилди. Шу тариқа сайлов арафасида бир неча янги партия рўйхатдан ўтди.

Парламент қуйи палатаси учун сайловда етти партиядан 281 нафар номзод қўйилган, 525 нафар номзод эса бирор партияга мансуб бўлмаган мустақил талабгорлардир. Жумладан, Қозоғистон халқ партияси 52 нафар,  «Акжол» партияси 54 нафар, Умуммиллий социал-демократик партия 19 нафар, «Baytaq» яшиллар партияси 18 нафар, «Amanat» партияси 90 нафар, «Respublica» партияси 23 нафар, «Ауил» партияси 25 нафар номзод илгари сурган. Уларнинг ўртача ёши 45 ни ташкил этади. Депутатликка 19 нафар талабгор 29 ёшгача бўлган сиёсатчилардир. Номзодлар 12 миллатни тамсил этмоқда.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2022 йил сентябрь ойидаги мурожаатида Мажлис ва маслаҳат кенгашларига навбатдан ташқари сайлов ўтказишни таклиф қилган. У ушбу таклифни конституциявий ислоҳотлар талаби орқали асослаган.

Жорий йил 19 январь куни Қозоғистон президенти парламент қуйи палатасини тарқатиш ва навбатдан ташқари сайлов ўтказиш ҳақида қарор чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, Қ.Тўқаев 2022 йил 16 март куни Қозоғистон халқига мурожаатида жиддий сиёсий ислоҳотлар ўтказилиши, жумладан, суперпрезидентлик бошқарув шаклидан кучли парламентга асосланган президентлик республикаси тизимига ўтилишини эълон қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг