Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистоннинг Тайвань масаласида расмий позицияси маълум қилинди

Қозоғистоннинг Тайвань масаласида расмий позицияси маълум қилинди

Ойбек Смадияров.

Фото: Қозоғистон ТИВ

Қозоғистон «ягона Хитой» позициясини қўллаб-қувватлайди ва Тайванни Хитой Халқ Республикасининг ажралмас таркибий қисми деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ойбек Смадияров маълум қилди.

«Қозоғистон – халқаро ҳуқуқнинг амалдаги меъёрлари ҳамда БМТ уставларига риоя этиш тарафдори. Хусусан, бу борада БМТ Бош ассамблеясининг 1971 йилда қабул қилинган 2758-сонли резолюциясига амал қилиниши мақсадга мувофиқдир. Хорижий мамлакатлар расмий делегацияларининг Тайванга ташрифи ХХР ҳукумати билан келишилган ҳолда амалга оширилиши керак деб ҳисоблаймиз», – дейди О.Смадияров.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам жорий йил 17 июнь куни берган баёнотида Косово, Жанубий Осетия, Абхазия, Донецк, Луганск каби тузилмалар қаторида Тайвань ҳам расман тан олинмаслигини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 2 август куни AҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пэлосининг Тайванга ташрифи Пекин ҳамда Вашингтон ўртасида дипломатик можарога сабаб бўлди.

Хитой томони Н.Пэлосининг ташрифи жавобсиз қолмаслиги, давлат ўз суверенитетини ҳимоя қилиш учун керакли чоралар кўришини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам «ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда баёнот берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг