Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рамзан Қодиров рус генералидан тиз чўкиб узр сўрашни талаб қилди

Рамзан Қодиров рус генералидан тиз чўкиб узр сўрашни талаб қилди

Фото: РИА “Новости”

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия Федерацияси мудофаа вазирлигининг Чеченистондаги ҳарбий гуруҳлари собиқ қўмондони, генерал-полковник Владимир Шамановни чечен халқига нисбатан шафқатсизлиги учун ҳарбий трибуналга тортишни талаб қилди. Қодировнинг кескин баёнотига айни пайтда РФ Давлат думаси депутати лавозимида фаолият юритиб келаётган генералнинг Чеченистондаги шаҳар номларини ўзгартириш ташаббусини танқид қилгани сабаб бўлди.

“Grozny TV” хабар беришича, Қодиров генерал Шамановни “разил, қабиҳ шахс” деб атар экан, Чеченистон уруши даврида у чечен халқига шафқатсиз муносабатда бўлгани, жумладан, эркакларни далага олиб чиқиб отиб ташлаганини қайд этган.

Рамзан Қодиров Телеграмдаги расмий саҳифасида ҳам Владимир Шамановга кескин мурожаат йўллаган.

“Шаманов, сенга шахсан мурожаат қилмоқдаман. Агар “ватанпарвар” деган сифатга андак бўлса-да даъвонг бўлса, тарафдорларингни йиғ ва махсус ҳарбий амалиётнинг (Украина босқини назарда тутилмоқда – таҳр.) олдинги сафларига равона бўл. “Қобилият”ингни кўрсат. Тинч аҳолини таҳқирлаган ҳолда тўплаган “бой тажрибанг”дан жуда яхши хабаримиз бор. Думада ўтириб, ўзингни “халқ ҳимоячиси” дея даъво қилишга маънавий ҳаққинг йўқ... Сен тиз чўкишинг ва тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилиши, талон-торож ва вайронкорликлар учун чечен халқидан узр сўрашинг керак!” – деб талаб қилган Рамзан Қодиров.

Чеченистон раҳбари, айни чоқда, Россияга содиқлигини ҳам писанда қилган. Яъни у пойтахт Грознийни марҳум отаси Аҳмад Қодиров шарафига қайта номлаш таклиф қилинганида бунга қарши чиққани ва русча номни сақлаб қолганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 25 сентябрь куни Давлат думаси Чеченистондаги уч шаҳар номини ўзгартиришга оид қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Унга мувофиқ, Серноводское шаҳри Серноводск, Наурская шаҳри Невр (чечен тилида шимол маъносида) ва Шелковская шаҳри эса Терек (шу ҳудуддаги дарё номи) деб аталадиган бўлди. Давлат думасининг қўмита раиси ўринбосари, генерал-полковник Владимир Шаманов бу ташаббусни “тарихий номларни йўқ қилиш” дея танқид қилди.

Маълумот ўрнида: Қодиров томонидан кескин қораланган Владимир Шаманов биринчи чечен уруши даврида – 1996 йилнинг апрель-июль ойларида РФ мудофаа вазирлигининг Чеченистондаги ҳарбий бўлинмаларига бошчилик қилган. Россия армияси унинг қўмондонлигида 1999 йил октябрь ойида Чеченистоннинг Ачхой-Мартан ва Урус-Мартан туманларини эгаллаган ва пойтахт Грозний йўли очилган эди. Ўша йилга унга Россия Қаҳрамони унвони берилган.

Президент Владимир Путиннинг сиёсати, жумладан, Украина босқинини доимий дастаклаб келаётган Рамзан Қодиров гоҳида эътирозли баёнотлар бериб туради. Жумладан, у аввалроқ Россияда миграция сиёсати қаттиқлашаётганини қоралаганди.

Қодиров жорий йил апрель ойида РФ Ставрополь ўлкаси Андропов округи маъмурияти жамоат жойларда намоз ўқишга тақиқ жорий этганига ҳам кескин эътироз билдирганди.

Икки кундан кейин (5 октябрь) 49 ёшга кирадиган Рамзан Қодиров 2007 йилдан буён Чеченистонга раҳбарлик қилиб келади. Чечен уруши даврида аввал мустақиллик учун курашган, кейин эса Россия тарафига ўтган Қодиров зиддиятли шахс ўлароқ баҳоланади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг