Россия меҳнат муҳожирларига солиқ солмоқчи
Россияда мигрантлар учун шахсий даромад солиғини 30 фоизгача ошириш таклиф қилинмоқда. Бундай қонун лойиҳаси Давлат Думасига тақдим этиш учун Леонид Слуцкий бошчилигидаги ЛДПР фракцияси томонидан тайёрланган.
«Қонун лойиҳасининг концепцияси хорижий фуқароларга нисбатан солиқ тизимининг асосий параметрларини қайта кўриб чиқиш ва ижтимоий, иқтисодий соҳалардаги муаммоларни ҳал қилиш учун Россия Федерацияси бюджет тизимининг даромадларини ошириш зарурлигига қаратилган», дейилади «Известия» хабарида.
Таъкидланишича, биргина 2022 йил давомида Россия Федерациясида ишлаш учун рухсатнома олган хорижий фуқаролар сони 2 164,6 минг кишини ташкил этган, улардан 2 035 000 нафари меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун апатентга эга бўлган. 2023 йилда ҳам шундай кўрсаткич қайд этилган.
«Россия Федерацияси Солиқ кодексининг 224-моддаси 3-бандига мувофиқ, Россияда солиқ резиденти бўлмаган жисмоний шахслар томонидан олинган барча даромадлар учун 30 фоиз солиқ ставкаси назарда тутилган. Патент асосида ҳақ тўланадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган чет эл фуқароларининг даромадлари ушбу меъёрнинг талабларига риоя қилмайди», — дея қайд этишган қонун лойиҳаси муаллифлари ва буни тузатишни таклиф қилишган.
«Кўплаб хорижликлар Россияга ишлаш учун келишмоқда. Муҳожирларнинг деярли учдан икки қисми патент асосида ёлланма ишчи сифатида ишлайди ва улар топган пулларини хориждаги оилаларига жўнатишади. Аммо биз чет эллик муҳожирларнинг даромади Россия бюджети учун ишлаши керак, деб ҳисоблаймиз», — дейди Леонид Слуцкий.
Унинг сўзларига кўра, бу Россия бюджетини қўшимча даромадлар билан тўлдириш имконини беради.
Мазкур қонун лойиҳаси 5 август куни тасдиқлаш учун ҳукуматга юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter