Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия Озарбайжонга “жавоб” ҳозирлаётгани айтилмоқда

Россия Озарбайжонга “жавоб” ҳозирлаётгани айтилмоқда

Гюмри базаси – Россиянинг Жанубий Кавказдаги энг йирик ҳарбий объекти.

Фото: “РИА Новости”

Россия Арманистон ҳудудидаги Гюмри ҳарбий базасини кучайтириш чораларини кўрмоқда. Бу ҳақда Euronews Украина ҳарбий разведкасига таяниб хабар берди.

Украина ҳарбий разведкаси Россиянинг ушбу ҳаракати Жанубий Кавказда ўз таъсирини ошириш ва хавфсизликни издан чиқаришга уриниш деб баҳолаган.

Арманистон ташқи ишлар вазирлиги ўз ҳудудидаги Россия ҳарбий базаси кучайтирилаётгани ҳақидаги хабарни рад этган.

Украина ҳарбий разведкаси бунга жавобан Россия Қуролли кучлари Жанубий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонига тегишли экани айтилаётган буйруқни эълон қилган.

Буйруқда Жанубий ҳарбий округ таркибидаги 8-, 18-, 49- ва 58-умумқўшин ҳарбий бўлинмаларидан зудлик билан аскарларни саралаб олиш тайинланган. Аскарларни саралашда уларнинг касбий, руҳий  ва жанговар тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратиш уқтирилган. 

Россия Арманистондаги ҳарбий базасини кучайтираётгани ҳақидаги хабар Озарбайжон билан зиддият юзага келган пайтга тўғри келмоқда.

“Москва миллатлараро зиддиятларни кучайтириш билан бирга Кавказдаги ҳарбий кучини оширмоқда. Озарбайжон ва Россия муносабатларидаги ёмонлашув олдиндан ҳозирланган бўлса ажаб эмас”,  – дейилади Украина ҳарбий разведкаси маълумотномасида.

Гюмри ҳарбий базаси Арманистон пойтахти Еревандан 100 км шимоли-ғарбда, Озарбайжоннинг яқин иттифоқчиси Туркия чегарасидан бор-йўғи 3,5 км масофада жойлашган. 2010 йилда Ереван ва Москва ушбу ҳарбий база ижарасини 2044 йилга қадар узайтириш ҳақида келишув имзолаган. 

Гюмри ҳарбий базасида 5000 нафарга қадар аскар хизмат қилади. База МиГ-29 қирувчи учоқлари ва С-300 зенит-ракета мажмуаларига эга.  

Айни пайтда Арманистон Озарбайжон ва Туркия билан муносабатларини яхшилашга интилмоқда. Бу эса Россия ҳарбий базасининг мавжудлиги Ереван манфаатларига тўғри келмаслигини англатади.

Арманистон бир ҳафта аввал Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) Бишкекдаги муҳим учрашувида қатнашишдан бош тортгани ҳам маълум.

Россия Жанубий Кавказда ҳарбий базани кучайтираётгани ҳақидаги хабарлар Москва ва Боку муносабатларида таранглик кузатилиши манзарасида тарқамоқда. Таҳлилчилар тобора геосиёсий жиҳатдан мустақил сиёсат юритишга уринаётган Озарбайжон Россиянинг “катта оғалик” қилишига ортиқ тоқат қилмаслигини айтмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг