Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россия украин болаларини Шимолий Корея лагерларига олиб кетяпти – Bild

Россия украин болаларини Шимолий Корея лагерларига олиб кетяпти – Bild

Украина болаларининг Россия томонидан мажбурий равишда олиб кетилиши ва қайта тарбиялашга уринишлари янада жиддий тус олмоқда, деб ёзмоқда Германиянинг Bild нашри.

Нашрнинг маълум қилишича, украиналик ҳуқуқ ҳимоячиси Катерина Рашевская АҚШ Конгрессининг Сенат қўмитаси олдида чиқиш қилиб, украин болаларининг айримлари ҳатто Шимолий Корея лагерларигача олиб кетилаётганини айтган.

Рашевскаянинг айтишича, ҳозиргача икки аниқ ҳолат – Донецк вилоятидан 12 ёшли Миша ва Симферопол шаҳридан 16 ёшли Лизаларнинг Шимолий Кореяга олиб кетилгани ҳужжатлаштирилган. Уларнинг ҳар иккиси Шимолий Кореянинг Сондовон лагерларидан бирига, ватанидан 9 минг км узоқликка олиб кетилган.

Бу маълумот Сенат қўмитасининг махсус йиғилишида очиқланган бўлиб, мақсад – Россиянинг болаларни оммавий равишда ўғирлаши масаласининг кўламини аниқлаш бўлган.

Украинанинг расмий «Болалар уруши» маълумотлар базасига кўра, 2022 йил февралдан бери Россия назоратидаги ҳудудлардан камида 19 минг 546 украин боласи олиб кетилган.

Уларнинг катта қисми Россия ҳудудларига ёки Россия босиб олган минтақаларга жойлаштирилган. Кўплаб болалар, Украина томони маълумотларига кўра, мажбурий равишда рус оилаларига берилиб, фуқаролиги алмаштирилган.

Рашевскаянинг қўшимча қилишича, 165 нафар болага тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ва улар турли ҳарбий ёки «ватанпарварлик ғоялари» ўқитиладиган лагерларда идеологик қайта ишловдан ўтказилмоқда.

«Бу лагерлар орасида Беларусдаги объектлар ҳам бор», – дейди украиналик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Бу жараён инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро нормаларни қўпол равишда бузади ва айни вақтда Россиянинг Халқаро жиноят судидаги ишларидан бири сифатида кўрилмоқда.

Украина ва Ғарб мамлакатлари Россияни болалар орқали демографик ва идеологик босим ўтказишда айбламоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг