Россия, Хитой, АҚШ... Эксперт улардан қай бири Марказий Осиёда фаолроқ эканини айтди

Таҳлилчилар сўнгги пайтларда Марказий Осиёда дунёнинг йирик давлатлари, хусусан, Россия, Хитой, АҚШнинг фаоллиги ортгани, минтақа учун ўзига хос рақобат кучаяётгани ҳақида гапирмоқда. Марказий Осиё бўйича мутахассис, сиёсатшунос Аркадий Дубнов ҳам «Коммерсантъ» газетаси мухбири билан суҳбатда Москва, Пекин ҳамда Вашингтон минтақа билан робиталарни фаоллаштиришга уринаётганини қайд этди.
«Марказий Осиё глобал ўйинчиларнинг синчков нигоҳи остида қолмоқда. Негаки қитъадаги барча логистик занжирлар айни шу нуқтада туташади», – дейди у.
Экспертга кўра, Марказий Осиё маконида Хитой энг фаол давлат ҳисобланади.
«Россия (Марказий) Осиё мамлакатларига бирор бир жиддий иқтисодий лойиҳа таклиф этмаяпти», – деб ҳисоблайди А.Дубнов.
Савдо ва сармоя ҳажми кескин ошгани Пекиннинг фаоллашгани далили сифатида келтирилган. Евроосиё тараққиёт банки 2022 йил охирида эълон қилган минтақа иқтисодиётига доир ҳисоботга кўра, сўнгги 20 йилда Хитой Марказий Осиё билан савдо ҳажми борасида Россиядан анча ўзиб кетган. Ушбу муддат ичида Хитойнинг Туркманистон билан савдо кўрсаткичлари 200 баравар, Ўзбекистон билан эса 100 баравар ортган.
Қолаверса, Пекин минтақа билан ҳамкорликни фаоллаштириш учун турли ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, Хитой – Марказий Осиё форматидаги учрашув жорий йил май ойида ўтиши кутилмоқда.
14 апрель куни Самарқанд шаҳрида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Сиёсатшунос А.Дубнов ушбу машваратда МДҲнинг бирор бир давлати Россиянинг Украинада олиб бораётган урушини қўллаб-қувватламаганига эътибор қаратган. Бу эса минтақанинг Москва билан муносабатларда масофа сақлашга уриниши ўлароқ баҳоланган.
Украина босқини ортидан мушкул вазиятга тушиб қолган Россия нафақат Марказий Осиё билан ҳамкорлик, балки бошқа геосиёсий масалаларда ҳам Хитойга ён беришга мажбур бўлаётгани айтилмоқда. Айрим таҳлилчилар эса Россия де факто Хитойнинг вассалига айланган деб ҳисоблайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter