Россия ядровий қуролни қўллайдими? Лавров журналистнинг саволига жавоб берди
Россия ядровий қуроллардан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмаяпти, Украинага қарши одатий қуроллар қўлланилади. Бу ҳақда РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «India Today»га берган интервьюсида маълум қилди.
Сергей Лавровнинг айтишича, унинг мамлакати глобал ҳалокатдан асровчи асосий посбонлардан бири.
«Россия ва АҚШ ҳеч қандай ядровий уруш бўлмаслиги ҳақида баёнот берганидан сўнг, биз БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолари мажбуриятлари доирасида қўшимча ташаббусни илгари суришни бошладик. Бу айнан Россиянинг ташаббуси эди. Биз «бешлик» (БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолари)дан ҳам шундай баёнот қилишни сўрадик ва бу амалга ошди. Узоқ йиллар давомида биз ушбу баёнотни қўллаб келдик. Шундай экан, ядровий қуроллардан фойдаланиш имконияти кўрилаётгани йўқ, фақат одатий қуроллар», — деди Лавров.
Эслатиб ўтамиз, Украинага ҳужум бошланганидан бир неча кун ўтиб, президент Путин ядровий кучларни «махсус жанговар тайёргарлик» тартибига ўтказишга буйруқ берганди.
Ушбу ҳолатни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ядровий шантаж, дея баҳолаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter