Россия қамоқхоналаридаги маҳкумлар сони «тарихий минимум»га етди
Россияда маҳкумлар сони «тарихий минимал даража»га тушди. Бу ҳақда Давлат думасининг Давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ирина Панкина маълум қилган.
«2023 йил 1 феврал ҳолатига кўра, ҳозирда озодликдан маҳрум қилиш жойларида 400 мингга яқин одам бор, ҳеч қачон бу рақамларга тушилмаган эди», – дейди Панкина душанба куни Россия Федерацияси Коммунистик партиясининг амнистия эълон қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш чоғида.
2023 йил июн ойида Давлат Думаси судланган шахсларга шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўташга рухсат берувчи қонунни қабул қилди. Шу тариқа Россия парламенти маҳбусларни фронтга юбориш амалиётини моҳиятан қонунийлаштирган эди.
BBC нашрига кўра, бу амалиёт 2022 йилнинг ноябр ойидан бошлаб, норасмий бўлсада, қўллаб келинаётган эди. Унда ҳукумат норасмий тарзда қотиллик, талончилик, талончилик ва гиёҳванд моддалар савдоси каби энг оғир жиноятлар учун судланган фуқароларни сафарбар қилишга рухсат бериб келган.
«Маҳкумлар ўтган бир йилдан бери «Вагнер» ХҲШ таркибида жанг қилиб келган. Мамлакат мудофаа вазирлиги президентнинг махфий афви билан ҳарбий юришларга ёллаб келган.Қонун кучга киргандан кейин афв этиш талаб қилинмайди», – дейилади Британия нашрида.
Маълумот учун, Давлат Думаси депутатлари ҳам аввалроқ Украинага жанг қилиш учун сафарбар қилинган ва шартнома асосида хизмат қилаётганларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш имконини берувчи қонунни қабул қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter